Жамият | 23:34 / 24.06.2018
4837
5 дақиқада ўқилади

Телеграм мессенжерида китобхонлик танлови ўтказилмоқда

Телеграм мессенжеридаги “Intellect” гуруҳида китобхон ёшлар, kun.uz сайти ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида китобхонликни тарғиб қилиш мақсадида ўтказиб келинаётган “Мутолаа ойлиги” лойиҳаси ғолиблари аниқланди.

Танлов низомига кўра, гуруҳда ҳар бир ой учун маълум асар мутолаага танланади, ой якунида эса ўқувчиларнинг мутолаа бўйича билдирган фикрлари, берилган саволларга жавоблари инобатга олиниб “Ойнинг энг яхши китобхон”лари сараланади.

Ўтган ой гуруҳ аъзолари ўртасида машҳур турк ёзувчиси Аҳмад Лутфи Қозончининг “Сўнгги тўфон ”асари мутолаага танланди.

Асар мутолааси бўйича якуний танловда эса 400дан ортиқ ёш китобхонлар иштирок этди. Қувонарлиси, асар мутолаачиларнинг барчасида ижобий таассурот қолдирди.

Буни иштирокчиларнинг фикрларидан хулоса қилиш мумкин.

“Дунё қарама қаршиликлардан иборат: Ёруғлик-зулмат, эзгулик-ёвузлик, қувонч-ғам...

-Инсон табиати ҳам шундай: нафс-қаноат, кибр-самимият, сабр-ношукрлик кабилар доимо зиддиятда, курашда. Яна инсон табиатида шундай бир қарама-қаршилик мавжудки, у ҳар доим инсонни фикрлашга, ўзи билан ўзи кураш олиб боришига мажбур этади. Бу инсондаги виждон туйғусининг разолатга қарши курашидир. Аҳмад Лутфи Қозончининг «Сўнгги тўфон» асари хеч шубҳасиз мана шу курашни, инсондаги энг гўзал фазилатлар билан бир қаторда ундаги энг жирканч иллатларни ғоят таъсирли бадиий бўёқлар орқали қарама-қаршилантирган асардир, - Шамшод Нажмиддинов.

-Очиғини айтаман мен Қозончининг «қозони»га бундан бир неча йиллар аввал тушганим боисми бу асардан унчайин ҳайратланмадим. Тўғри тўлқинландим, ғазабландим, йиғладим ҳам... Лекин руҳиятимда у қадар портлаш бўлмади. Чунки у «Ўгай она»си билан аллақачонлар портлатиб бўлган дунёйимни. «Сўнгги тўфон»га келсак киши ўзини тарбия этиши учун яхши қўлланма бўла олади. Асарни ўқиркансан ён-атрофингдан Турсунлар, Ҳасанларни қидириб қоласан. Бир бошдан эслайсан, савол берасан «Ҳаётимда учраган ўчирғичларни билиб билмай, балки ёшлик қилиб олиб қўймаганмидим»?! Мана шу муаллифнинг энг катта ютуғи бўлади менимча, - Азиз Тожиматов.

Бир куни Фарида деразадан қушларга қараркан, қушга айланишни, барчасидан воз кечиб узоқ-узоқларга учиб кетишни хоҳлайди. Бу озодлик орзуси эмасмикан, қафасдан чиқиб бутун дунёга жар солиб сайраш орзуси эмасмикан? Айниқса, Турсуннинг яна қўлга олинганини газета бўлагидан билган, Ҳасаннинг бир чеккага бориб, ҳайқириши бу уни шундай яшашга мажбур этган отага, ҳаётга , муҳитга ва тақдирга исёнкорона ҳайқириғи эмасми? Кўпчилигимиз ҳаётимизда шундай вазиятларга дуч келамиз ва ўшанда ичимиздан нимадир ташқарига отилиб чиққанини ҳис этамиз. Бу исён, ҳа ёзувчи буни ҳам киритиб кетишни истаганини кўришимиз мумкин. Баъзан инсонда ана шундай исёнлар бўлиб туради ва бу исёнлар бизга қалбимизнинг тириклигини ва яшаш учун курашаётганимизни эслатиб туради, - Бекзод Хушмаматов.

-"Сўнгги тўфон"да тасвирланган тўп - неча йиллардир халқни ибодат учун уйқудан уйғотган бир рамз. Чунки асар воқеалари тасвирланган даврда миллат диндан, иймондан узоқлашган эди. Яъни уйқуда. Тўпнинг ишлатилмай ётиши ҳам миллатнинг ғафлатдалиги маъносида берилган. Қозончи ўша пайтда тўпни отиб миллатни уйғотувчи мард йўқлигини тасвирлаган бўлса не ажаб, - Заҳро Нурова.

Танлов якунида ана шундай фикрлар, тортишув ва саволларга берилган жавоблар орқали ғолиблар аниқланди.

Жумладан, Бегзод Хушмаматов (1 ўрин), Заҳро Нурова (2 ўрин), Бегзод Ибрагимов (3 ўрин) ғолибликка муносиб кўрилди.

Ижтимоий тармоқ ва мессенжерлардан илм, зиё олиш йўлида унумли фойдаланаётган,  ушбу ёшлар бугун Kun.uz сайти ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқининг ғолиблик совғалари билан тақдирланди.

Эслатиб ўтамиз, лойиҳа доирасида июнь ойи учун Абдулла Қодирийнинг “Мехробдан чаён” асари мутолаа учун танланган.

Мавзуга оид