Ўзбекистон | 18:45 / 25.06.2018
14557
2 дақиқада ўқилади

Тожикистон президенти Ўзбекистон билан дўстликни мустаҳкамлашга чақирди

Фото: tajikistantimes

Тожикистон раҳбари Имомали Раҳмон Сўғд вилоятига қилган сафари чоғида Ўзбекистон билан дўстликни мустаҳкамлашга чақирди, дея хабар беради Sputnik Тожикистон.

У Ўзбекистон билан чегарадош бўлган Шаҳристон тумани фаоллари олдида чиқиш қилди ва ўзбекистонликлар билан дўстона ҳамда ишбилармонлик алоқаларини ўрнатишга чақирди, шунингдек, тожиклар бу ҳудуддаги ўзбеклар билан тинч-тотув яшаётганини таъкидлади.

Раҳмон шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги дўстлик кўп асрлик илдизларга эга эканлиги ва унинг бошида Мавлоно Абдураҳмон Жомий ҳамда Мир Алишер Навоий бўлганини эслатиб қўйди.

Унинг сўзларига кўра, тинчлик ва барқарорлик ҳукм сурадиган давлатлар барқарор ривожланиб, жаҳон миқёсидаги обрў-эътиборини оширади.

Аввалроқ, 2018 йил биринчи чорагида Ўзбекистоннинг Тожикистон билан савдо айланмаси икки баробарга ошганлиги ҳақида хабар берилган эди. Январь-май ойларда бу миқдор тахминан 94 миллион долларни ташкил этди.

Ўзбекистон Тожикистон ижобий савдо балансига эга бўлган Молдовадан кейинги иккинчи мамлакатдир.

Мавзуга оид