Жамият | 16:05 / 25.06.2018
4727
2 дақиқада ўқилади

Вақф хайрия жамоат фондининг сайти ишга тушди

Ўзбекистон Республикаси президентининг 2018 йил 16 апрелдаги «Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5416-сон Фармони бўйича ташкил этилган Вақф хайрия жамоат фондининг www.vaqf.uz сайти ўз фаолиятини бошлади. Бу ҳақда жамоат фонди матбуот хизмати хабар бермоқда. 

«Вақф» фонди веб-сайти «UZINFOCOM» Ягона интегратори томонидан ишлаб чиқилган ҳамда www.vaqf.uz доменида синов тартибида фаолиятини олиб бормоқда. Сайт орқали Фонд фаолияти, амалга оширилган тадбирлар ҳамда хайр-саховат лойиҳалари хусусида маълумот олиш мумкин. Шу билан бирга, веб-сайтда алоҳида пул ўтказмалари бўйича ҳисобот жадвал шаклида ҳам тақдим қилинади.

Фондга пул ўтказмаларини нақд ёки пластик карта орқали амалга оширишга мўлжалланган Тошкент шаҳридаги 12 та масжидда биттадан, шунингдек Тошкент вилоятида жойлашган Зангиота зиёратгоҳи ҳудудида иккита инфокиосклар ўрнатилди. Бундай тўлов шакли ўзини оқлайдиган бўлса, Ўзбекистон бўйлаб «Вақф» фондига хайр-саховат тўловларини йўналтирувчи 4,5 мингта шундай тўлов аппаратларини ўрнатиш режалаштирилган.

Таъкидлаш жоизки, тўлов амалга оширилгач, фойдаланувчига транзакциянинг ID маълумотномаси тақдим қилинади. Фойдаланувчи www.vaqf.uz сайтига ушбу ID кодни киритиши ҳамда тўловнинг Фондга қабул қилинганига ишонч ҳосил қилиши мумкин.

Мавзуга оид