Ўзбекистон | 08:44 / 27.06.2018
28413
3 дақиқада ўқилади

Давлат солиқ хизмати органларига қатор ҳуқуқлар берилди

Ўзбекистон Республикаси президенти «Давлат солиқ хизмати органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ҳужжат билан давлат солиқ хизмати органларига қуйидаги ҳуқуқлар берилди:

солиқ тўловчи қайд этилган манзилда бўлмаган, шунингдек, солиқ тўловчи томонидан солиқ ёки молиявий ҳисобот, камерал назорат натижалари юзасидан тафовутларнинг асослари ёхуд аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи белгиланган муддатда тақдим этилмаган ҳолларда солиқ тўловчи-юридик шахсларнинг банк ҳисобварақлари бўйича операцияларни тўхтатиб туриш;

давлат улушлари бўйича дивидендларни ва давлат унитар корхоналарининг соф фойдасидан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетига ажратмаларни ундириш;

солиқ тўловчи томонидан тақдим этиладиган ахборотнинг ишончлилигини ҳамда солиқ тўловчининг ҳисоботларида акс эттирилган солиқ ва божхона имтиёзларини қўллашнинг қонунийлигини тасдиқлаш учун камерал назорат натижаси бўйича жойига чиққан ҳолда мавзуга оид ва экспресс-ўрганишларни амалга ошириш;

юзага келган солиқ қарздорлигини солиқ тўловчи-жисмоний шахсларнинг пластик карталарига хизмат кўрсатувчи банк ҳисобварақларидан ойига энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдоридан кўп бўлмаган суммада сўзсиз ҳисобдан чиқариш.

Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитасининг “Республика ахборот-маслаҳат маркази” ва “Солиқ декларацияларини қайта ишлаш маркази” давлат унитар корхоналари негизида “Солиқ-сервис” давлат унитар корхонасини унинг ҳудудий марказларини тузган ҳолда ташкил этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Қуйидагилар “Солиқ-сервис” ДУКнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

солиқ тўловчиларга солиқ мажбуриятларини бажаришда техник жиҳатдан кўмаклашиш, шунингдек, ҳисоботлар ва декларацияларни қабул қилиш бўйича солиқ тўловчиларга хизмат кўрсатиш юзасидан давлат солиқ хизмати органларига амалий ёрдам бериш;

давлат солиқ хизмати органларининг автоматлаштирилган ахборот тизимини техник, дастурий ва ахборот таъминотини бошқариш;

давлат солиқ хизмати органлари фаолияти натижасида юзага келадиган ҳужжатларни қоғоз ва электрон шаклда марказлашган ҳолда архивда сақлаш;

“call-марказ” махсус сервиси орқали аҳолига ахборот хизматларини кўрсатиш;

солиқ тўловчиларни электрон ҳисобварақ-фактураларни юритиш қоидалари бўйича ўқитиш, уларга солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормаларини етказиш;

ахборотни ҳимоя қилиш тадбирларини амалга ошириш;

давлат солиқ хизмати органлари ходимларининг билим ва малакасини ошириш.

Давлат солиқ қўмитаси:

давлат солиқ хизмати ҳудудий органларининг юқорида кўрсатилган функцияларни бажарадиган бошқарув ходимлари штат бирликларини қисқартириш;

Маълумотларни қайта ишлаш маркази ишини тубдан такомиллаштириш, жумладан, солиқ тўловчилар учун янги дастурий маҳсулотлар ва сервисларни ишлаб чиқиш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилишни назарда тутади.

Мавзуга оид