Ўзбекистон | 13:07 / 28.06.2018
8215
2 дақиқада ўқилади

“Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги қонун маъқулланди

28 июнь куни иш бошлаган Сенатнинг ўн бешинчи ялпи мажлисида сенаторлар ишни янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини кўриб чиқиш билан давом эттиришди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Маълум қилинишича, қонуннинг мақсади – интеграциялашган тадбиркорлик ҳамжамиятини шакллантириш ва тадбиркорлик субъектларининг, улар бирлашмаларининг давлат органлари билан самарали ҳамкорлигини таъминлаш, шунингдек тадбиркорлик субъектларини кенг қамраб олиш ва уларни тадбиркорлик ҳамжамиятини шакллантириш жараёнига жалб қилишдир.

Қонунда умумий қоидалар, Палатанинг вазифалари ва функциялари, Палатанинг давлат органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар билан ҳамкорлиги, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини текширишларда Палатанинг иштироки, Палата фаолиятини ташкил этиш, Палатанинг халқаро ҳамкорлиги, низоларни ҳал қилиш механизми назарда тутилган.

Қонунинг янги таҳририда тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яхшилаш, тадбиркорлик фаолиятига кўмаклашиш, давлат органлари, бошқа органлар ва ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик қилиш, тадбиркорлик субъектларини ўқитиш ва кадрлар тайёрлаш, ташқи иқтисодий фаолият ва чет эл инвестицияларини жалб қилиш соҳаларидаги Палатанинг функциялари мустаҳкамлаб қўйилган.

Сенаторлар томонидан таъкидланганидек, қонуннинг қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларини, айниқса уларнинг фаолияти қарор топаётган даврда қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини яратишга, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиришга, жадал ривожлантиришга ҳар томонлама кўмак беришга, уларнинг устувор ролини ва дахлсизлигини таъминлашга, республика туманлари ва шаҳарлари аҳолисининг тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилинишига кўмаклашади. 

Маълумот учун, қонун Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонини ижро этиш мақсадида ишлаб чиқилган.

Мавзуга оид