Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Мобил алоқа операторлари абонентлар маблағини уларнинг розилигисиз ечиб олмоқда – сенатор
Сенатор Қутбиддин Бурҳонов пулли SMS ва хизматларга автоматик тарзда улаш ҳолатларининг келиб чиқиш сабаблари ва бунга шарт-шароит яратаётган омиллар ҳақида гапирди.
Фото: Олий Мажлис Сенати
Сўнгги пайтда мобил алоқа операторлари томонидан абонентларнинг розилигисиз, хабардорлигисиз пулли SMS ва хизматларга уларни автоматик тарзда улаш ҳолатлари кўплаб кузатилмоқда. Бу ҳақда Сенатнинг ялпи мажлисида Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов маълум қилди.
«Оқибатда фуқаролар ҳисобидан уларнинг розилигисиз маблағ ечиб олиняпти. Шу боис, қўмитамиз пулли SMS ва хизматларга автоматик тарзда улаш ҳолатларининг келиб чиқиш сабаблари ва бунга шарт-шароит яратаётган омилларни дастлабки тарзда ўрганиб чиқди», деди сенатор.
Бурҳоновнинг таъкидлашича, 2025 йил 1 январ ҳолатига мобил алоқа абонентлари сони 36 миллиондан ошган. Бу абонентларга юқорида қайд этилган пулли хизматлар мобил алоқа операторлари томонидан эмас, балки контент провайдерлар томонидан кўрсатилади ва уларнинг сони ҳозирда 100 дан ошиб кетган. Аксарият контент провайдерларнинг хизматлари телекоммуникация компаниялари билан тузилган ҳамкорлик шартномаларига асосан кўрсатилмоқда.
«Бироқ, амалда бу шартномалар учун ҳақ абонентнинг телефон рақамидаги асосий ҳисоб-рақамидан, унинг розилигисиз ечиляпти. Энг қизиғи, бир маротаба хизматга уланиб қолган абонентдан ҳар кунлик, ҳар ойлик маблағлар асосий ҳисобдан ечиб олинмоқда. Ўрганиш натижасида чиқарилган хулосага кўра, контент хизматига уланиш осон, уни бекор қилиш эса мураккаб бўлиб қолмоқда», деди сенатор.
Бурҳонов сўзларига кўра, ҳозирги вақтда абонентларга контент провайдерлар томонидан кўрсатиладиган хизматларни тартибга солувчи ҳуқуқий меъёрий ҳужжат йўқлиги аниқланди. Рақобат қўмитасига 2024 йилда истеъмолчилардан алоқа хизматлари билан боғлиқ 1199 та мурожаат тушган. Уларни кўриб чиқиш натижасида истеъмолчиларга 683,2 млн сўм маблағ қайта ҳисоб-китоб қилинган.
«Ҳуқуқий бўшлиқлар ёки бошқа сабаблар оқибатида абонентлар кўраётган зарар учун ким жавоб бериши керак? Бизнингча, бу муаммога ечим топиш лозим. Акс ҳолда, гўё арзимасдек кўринган, аммо фуқароларнинг миллиардлаб маблағини уларнинг ихтиёрисиз кўрсатиладиган хизматлар учун сўрамай олиб қўявериш катта муаммога айланиб, қонунбузарликларга янада кенг йўл очади. Бундай муаммолар аҳолининг кайфиятига салбий таъсир қилиши билан ҳам долзарбдир», деди сенатор.
Бурҳонов сўзининг якунида бу ҳолатни тартибга солиш мақсадида ҳуқуқий меъёрий ҳужжат ишлаб чиқиш учун қўмита ёрдамга тайёр эканини айтди.
Мавзуга оид
11:40 / 03.11.2025
Тўққиз ойда Ўзбекистон йўлларида 1,3 мингдан ортиқ киши ҳалок бўлди
16:50 / 15.10.2025
Россияда чет эл SIM-карталарида интернет ва SMS хизмати ишламаяпти
18:08 / 10.07.2025
7 сентябрда Британия аҳолисининг барча смартфонлари бир вақтда жиринглайди
15:03 / 01.07.2025