Жамият | 00:33 / 29.06.2018
28420
2 дақиқада ўқилади

Бош вазир ташрифидан сўнг Самарқанднинг "Европа" қисмидаги ноқонуний қурилиш ишлари тўхтатилди

Самарқанд шаҳрининг "Европа" қисмида ноқонуний қурилаётган кўп қаватли бинони бузиш ишлари бошланди. KUN.UZ манбасининг хабар беришича, ҳозир бу масала суд томонидан ўрганилиб, тегишли чоралар кўрилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, бу ишни шахсан бош вазир Абдулла Ариповнинг ўзи бориб назоратга олмагунича, Самарқанд вилояти ҳокимлиги томонидан зарур қатъий чоралар кўрилмаган. Қурилиш ишлари ноқонуний амалга оширилаётганига қарамасдан, вилоят ҳокимлиги бунга нисбатан ҳеч қандай чора кўрмаган. Энди бу ишни судга ошириш орқали бинони бузиш ишлари йўлга қўйилмоқда. Бундай чора-тадбирлар ноқонуний қурилиш ишларини амалга оширмаслик учун барчага ўрнак бўлиши шубҳасиз.

23 июнь куни Ўзбекистон Республикаси бош вазири Абдулла Арипов Самарқандга ташриф буюриб, шаҳарнинг тарихий қисмида олиб борилаётган қурилиш ишлари билан танишгани ҳақидаги хабар KUN.UZ'да тақдим этилган эди. 

Самарқанднинг "Европа" қисмидаги ноқонуний қурилиш

Арипов шаҳарнинг тарихий қисмида олиб борилаётган қурилиш ишлари давомида Ўзбекистонда амал қилаётган халқаро ҳужжатларга тўлиқ риоя этилишини талаб этган. Жумладан, ЮНЕСКО бутунжаҳон мероси рўйхатига кирган ҳудудда олиб борилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари шаҳарнинг тарихий бинолари қиёфасини бузмаслиги кераклигини қайд этган. 

Бош вазир йўл қўйилган қонунбузарликлар учун қатъий чоралар қўлланилишини билдириб ўтган.

Мавзуга оид