10:11 / 30.06.2018
29848

2018 йилда биринчи марта дефляция қайд этилди

2018 йил июнь ойида биринчи марта жорий йилнинг сўнгги даврида истеъмол бозоридаги товарлар ва хизматлар нархлари умумий даражасида пасайиш кузатилган бўлиб, истеъмол секторидаги дефляция даражаси ой давомида 0,4%ни ташкил этди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси хабар бермоқда.

Ой давомида товарлар нархи ўртача 0,6%га пасайган бўлса, хизматлар эса аксинча, 0,3%га қимматлашган.

Асосий гуруҳлар бўйича нархларнинг ўзгариши таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, ноозиқ-овқат маҳсулотлар ҳамда хизматлар нархининг қимматлашиши умумий истеъмол нархлари индекси (кейинги ўринларда ИНИ)га 0,4 фоиз даражасида (ф.д.) таъсир этиб, озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг пасайиши эса ИНИнинг 0,8 ф.д.да камайишига олиб келди.

Озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ой давомида ўртача 1,8%га арзонлашганлиги, умумий ИНИнинг 0,8 ф.д.да пасайишига замин яратди.

Мева ва сабзавот маҳсулотлари нархларининг пасайиши, жумладан, тухум, шакар, ёғ ва мой маҳсулотларининг арзонлашгани умумий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари даражасига сезиларли таъсир кўрсатиб, умумий ИНИнинг 1,5 ф.д.да пасайишига олиб келди. Шулар билан бир қаторда гўшт, нон, алкоголь ва бошқа турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг қимматлашиши умумий ИНИнинг кўтарилишига ёрдамлашди (0,7 ф.д.да таъсир этди).

Асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳи таркибига кирувчи товарлар нархлари орасида қимматлашиш борасидаги етакчилик ёрма ва дуккаклиларга (ўсиш 15,3%), пасайиш бўйича эса картошка ҳамда сабзавот маҳсулотлари ҳиссасига тўғри келади (пасайиш мос равишда 38,9% ва 29,1%).

Ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархларининг 0,8%га қимматлашиши умумий ИНИнинг 0,3 ф.д.да ошишига олиб келди.

Автомобиллар учун ёқилғи ҳамда қурилиш материалларидан ташқари ушбу гуруҳнинг асосий турдаги маҳсулотлари нархлари орасида сезиларли ўзгаришлар кузатилмади.

Аҳоли учун автомобилларга газ тўлдириш шохобчалари орқали сотилаётган пропан нархининг қимматлашиши асосий турдаги ноозиқ-овқат маҳсулотлар гуруҳи индексининг кўтарилишида асосий таъсир омили сифатида қайд этилган. Республика бўйича ой давомида ушбу маҳсулотнинг нархи ўртача 63,3%га қимматлашди. Мамлакатнинг баъзи ҳудудларида унинг нархи 2 баробар ва ундан юқори даражада ҳам қимматлашган (Самарқанд, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари шулар жумласидандир). Биржадаги котировка нархлари ҳамда ёқилғи-мойлаш материаллари бозорида шаклланаётган ҳолатлар пропан нархлари даражасининг сезиларли даражада қимматлашишига ўз таъсирини ўтказди.

Қурилиш материаллари нархлари ой давомида ўртача 1,5%га қимматлашди. Цемент ва гулқоғознинг нархи гуруҳ таркибидаги бошқа маҳсулотларга нисбатан бирмунча сезиларли даражада қимматлашди.

Июнь ойи давомида аҳоли учун хизматлар тарифлари нархларида жиддий ўзгаришлар кузатилмади ва бор йўғи 0,3%лик ўсиш ҳолати қайд этилди. Бу эса ўз навбатида умумий ИНИга 0,1 ф.д.да таъсир этди.

Нарх тарифларининг нисбатан барқарор суръатларда ошиб бориши қаторида йўловчи ташиш транспорти хизматлари нархи ўртача 1,4% ва маиший турдаги хизматлар эса 0,4%га қимматлашди.

Қашқадарё вилояти ҳокимининг қарори асосида жорий йилнинг июнь ойидан бошлаб ҳудуд бўйича шаҳар автобус транспортида йўл ҳақи 66,7%га оширилди. Хоразм вилояти ҳокимининг қарорига асосан вилоят бўйича шаҳар автобус транспорти хизматлари 42,9% ҳамда йўналишли такси хизматлари нархи 11,1%га кўтарилди. Шунингдек, Фарғона вилояти ҳудудида ҳам йўналишли такси хизматлари ўртача 9,4%га қимматлашган.

Маҳаллий транспорт поездлари учун йўл харажати ҳужжатлари нархининг ошиши ва Швейцария франкининг сўмга нисбатан бироз ошиши ҳисобига темир йўл транспорти хизматлари нархлари бироз кўтарилди.

Еврога нисбатан миллий валюта курсининг мустаҳкамланиши натижасида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК чипталари нархлари бирмунча арзонлашди.

Top