Ўзбекистон | 07:48 / 30.06.2018
23011
2 дақиқада ўқилади

Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг асосий йўналишлари белгиланди

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон Республикаси президенти “Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан келтирилган.

Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепциясининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланди:

иқтисодиётга солиқ юкининг даражасини камайтириш, шунингдек, солиқ солишнинг соддалаштирилган ва умумбелгиланган тизими бўйича солиқларни тўлайдиган хўжалик юритувчи субъектлар ўртасидаги солиқ юки даражасидаги номутаносибликларни бартараф этиш;

солиқларни унификация қилиш йўли билан уларни мақбуллаштириш, ўхшаш солиқ солиш базасига эга бўлган солиқларни бирлаштириш, солиқ ҳисоботларини қисқартириш ва соддалаштириш, операцион харажатларни минималлаштириш;

макроиқтисодий вазиятнинг барқарорлигини, Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва унинг даромадларини мустаҳкам шакллантиришни таъминлаш;

солиқ қонунчилигини соддалаштириш, солиқ муносабатлари соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардаги зиддиятлар ва қарама-қаршиликларни бартараф этиш, инсофли солиқ тўловчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоясини кучайтириш;

солиқ солиш масалаларини тартибга соладиган ҳавола қилувчи нормалар ва қонун ости ҳужжатларини максимал даражада чеклаган ҳолда солиқ қонунчилигининг барқарорлигини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси нормаларининг тўғридан-тўғри амал қилишини таъминлаш, шу жумладан, кодексда солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар ставкалари миқдорларини белгилаш;

хорижий инвесторлар ва инвестициялар учун қулай режимни сақлаб қолиш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ишончли ҳуқуқий ҳимоялаш;

солиқ назоратининг шакл ва механизмларини, шу жумладан, солиқ солиш объектлари ҳамда солиқ тўловчиларни янада тўлиқ қамраб олиш ва ҳисобини таъминлайдиган замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ҳисобига такомиллаштириш, трансфер нархларни шакллантириш билан боғлиқ операцияларга солиқ солиш тартибини жорий этиш.

Мавзуга оид