Ўзбекистон | 16:04 / 04.07.2018
4904
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик ёш новаторлар Германия пойтахтида анжуман ўтказишади

Фото: iStock

2018 йил 13 октябрда Ўзбекистон Республикасининг Берлин шаҳридаги элчихонасида «Хорижий инновацион ғоялар ва технологиялар ҳамда уларни Ўзбекистонда тадбиқ қилиш истиқболлари» мавзуида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтади.

Анжумандан кўзланган асосий мақсад — мамлакатимизда инновацион ғояларни амалиётга тадбиқ этишда Европадаги ўзбек новаторлари иштирокини таъминлаш ва улар ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдан иборат.

Тадбир хориждаги ўзбек ватандошлар томонидан турли хил йўналишларда ишлаб чиқилган ё чиқилаётган инновацион ғоялар, ноу-ҳау, ишланмалар ва янги технологик лойиҳалар билан яқиндан танишиш ҳамда ушбу лойиҳаларни Ўзбекистонда амалга оширишнинг маъмурий, қонуний асослари ва молиялаштириш масалалари юзасидан атрофлича фикр алмашиш учун самарали платформа бўлиб хизмат қилади.

Халқаро анжуманда Германия ва Европанинг бир қатор давлатларида таълим олаётган ва илмий-изланиш олиб бораётган ёш олимларимиз ва тадқиқотчиларимиз, хориж компаниялари ва ташкилотларида ҳар хил соҳаларда фаолият юритаётган 100 дан зиёд ўзбекистонлик мутахассиснинг иштироки кутилмоқда. Шунингдек, тадбирга Германиянинг етакчи бизнес олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, немис инновацион корхоналар ва «старт-ап»лар раҳбарлари ҳамда Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идораларидан вакиллар, маҳаллий инвесторлар ва тадбиркорлар таклиф этилади.

Қатнашчилар ўз инновацион лойиҳаларини мавзулар бўйича тақсимланган ишчи секцияларда тақдим этишади. Тадбир якунида энг яхши лойиҳалар ташкилотчилар томонидан танлаб олиниб, тўплам сифатида чоп этилади ҳамда вазирлик ва ташкилотлар эътиборига ҳавола қилинади.

Тадбир Ўзбекистон Республикасининг Германиядаги элчихонаси, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи, Ўзбекистон Ёшлари Умумжаҳон ассоциацияси ва «Ниҳол» Ўзбек-Олмон илмий-маданий жамияти томонидан ташкил этилмоқда. Анжуманнинг ҳамкорлари Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг Франкфурт-Майн шаҳридаги бош консуллиги, Халқаро Пресс клуб, «Yoshlar» телерадиоканали ва «Yosh Kuch» журналидир.

Анжуман ҳақида батафсил маълумотларни www.nihol.org сайтидан билиб олиш мумкин.

Алоқа учун:

[email protected]

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид