Chrome ва Firefox браузерларида "жосус" кенгаймалар аниқланди
АҚШнинг Сан-Франциско шаҳрилик дастурчи-муҳандис Роберт Тэтон Google Chrome ва Mozilla Firefox браузерларида Stylish номидаги “айғоқчи” кенгаймасини аниқлаганини эълон қилди. Унинг таъкидлашича, ушбу кенгайма интернет фойдаланувчининг сайтларга ташрифи тарихини яширинча сақлаб қолади.
"Атиги битта cookie файлдан иборат бўлган сўров кифоя қилади, фойдаланувчи Stylish идентификаторига умрбод уланиб қолади", - дейди Тэтон. Дастурчининг айтишича, бу кенгайма барча кўрилган саҳифалар ҳақидаги маълумотларни ҳар бир фойдаланувчи учун махсус идентификатор билан ўз серверларига юборади.
Шунга кўра, Тэтоннинг айтишича, Stylish ва SimilarWeb компанияси, ушбу кенгаймага эга ҳар қандай фойдаланувчи ҳақида маълумотга эга. Google Chrome ва Mozilla Firefox браузерларида оммабоп бўлган Stylish кенгаймаси веб-саҳифаларнинг ташқи кўринишини ўзгартириш имконини беради. Ундан дунё бўйлаб 1,8 млн киши фойдаланади.