19:30 / 07.07.2018
12051

“Биз ғалаба қозонамиз”: Пойтахтда янги китоб тақдимоти бўлиб ўтди

Бугун, 7 июль куни Тошкентдаги  Wyndham меҳмонхонаси мажлислар залида кўпчилик китобхонлар томонидан кутилган зиё анжумани бўлиб ўтди.  Анжуман журналист Шуҳрат Сатторовнинг “Биз ғалаба қозонамиз” номли янги китоб тақдимотига бағишланди.

Давлат ва жамоат арбоблари, адабиёт ва саньат намояндалари, тадбиркорлар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этган ушбу тақдимот  BMB Trade Group компанияси ҳомийлиги ҳамда Facebook тармоғидаги “Maslahat.uz” гуруҳи ҳамкорлигида ташкил қилинди.

Кенг китобхонлар оммаси учун мўлжалланган мазкур китоб Президент Шавкат Мирзиёевнинг халқ ҳаётини яхшилашга қаратилган ташаббуслари, “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”га бағишланган. Унда “фуқаро рақобатбардош ҳамда бугунги замонга муносиб бўлса, орзулари ортидан мустаҳкам эътиқод билан борса, ҳаётда ўз ўрнини топишга интилса ва халққа хизмат қилишни бурчи деб билса, жамият ривожланади, турмуш фаровонлашади” деган ғоя илгари сурилган.

Китобда муаллиф томонидан инсоннинг олдига қўйган мақсадга етишиш учун зарур омиллар, орзу қаршисидаги машаққатларни енгиб ўтиш ва муваффақият қозонишнинг илмий-психологик асослари ҳаётий мисоллар, илмий-оммабоп манбалар  асосида ёритилади.

Китобда ишда юксалиш, раҳбарлик ва етакчилик, бугунги замонга рақобатбардош бўлиш ва бунда шахсий фазилатлар, феъл-атворнинг ўрни, жамоатчилик олдида чиқиш қилиш сирлари алоҳида бобда ҳикоя қилинади.

Шунингдек, “Биз ғалаба қозонамиз”дан ўрин олган ибратли ҳикоялар, маърифатпарвар инсонлар, таниқли тадбиркор ва спортчиларнинг ҳаётий қоидалари, фикрлари ва кечинмалари ўқувчини янги ғоялар ҳақида ўйлашга ундайди,  уларни амалга ошириш учун янги шижоат беради. Шу асосдан уни ҳозирги даврнинг кенг қамровли мотивацион асари сифатида ҳам баҳолаш мумкин.

Фото: Рустам Назарматов

Китоб эртадан бошлаб савдо дўконларига етиб боради ва китобхонлар уни харид қилиш имкониятига эга бўлишади.

Top