Ўзбекистон | 23:10 / 07.07.2018
67897
5 дақиқада ўқилади

«ИИВ Академиясида тест бўлмасдан, натижалар маълум». Kun.uz ойдинлик киритади

Ички ишлар вазирлиги Академиясида давом этаётган қабул жараёнида кўпчиликни шубҳалантирган саволлар пайдо бўлди. Масалан,  «Тест топширилмай, якуний натижа чиқди», «Қандай қилиб, 3та савол билан ҳаммасини ҳал қилиш мумкин». Kun.uz мухбири воқеага ойдинлик киритиш мақсадида Академия Қабул комиссия ҳайъати аъзолари билан суҳбатлашди.

«Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ички ишлар органлари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида таъкидланганидек, 2018/2019 ўқув йилидан бошлаб, Академия кундузги таълим шаклига қабул махсус касбий танлов ва якка тартибдаги суҳбат орқали кириш тест синовларисиз амалга оширилмоқда», —дейди Академия бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Ўткирбек Муҳаммедов.

Унинг айтишича, бу йилги қабул жараёни уч босқичли танлов асосида ўтказилмоқда.

«Биринчи босқич бу - дастлабки танлов. Бу жойларда ҳужжатлар, номзодни ўрганиш, маҳаллаларга бириктириш, лўнда қилиб айтганда, ҳақиқатан у лойиқми, деган масалалар кўриб чиқилади.

Иккинчи босқич эса махсус касбий танлов синовлари ҳисобланади. Унинг ўзида бешта тадбир мавжуд: тиббий кўрик, психо-физиологик ўрганиш, ёзма иш, жисмоний тайёргарлик ва чет тилидан имтиҳон. Бешинчи мезонга кўра, яъни чет тилидан (инглиз, француз ва немис тиллари) билим ва кўникмалари тест синовлари асосида, бошқа хорижий тил бўйича синовлар эса махсус методика бўйича амалга оширилди.

Албатта тиббий кўрикдан ўтган номзод кейинги тўртта босқичда балларни тўплайди. Шундай қилиб, максимал балларнинг 50 фоизи ва ундан юқори натижани қўлга киритган номзодлар учинчи босқичга қўйилади.

Учинчи босқич - якуний суҳбат. Унда ҳуқуқ, Ўзбекистон ва жаҳон тарихи, адабиёт ва Миллий ғоя асослари фанларидан биттадан савол берилади», — дейди Қабул комиссия масъул котиби, майор Мирислом Ҳайдаров.

Масъул котибга кўра, ҳеч қайси ҳужжатда суҳбатлар видеога ёзиб олинсин, дейилмаган.

«Шунга қарамай, ўз истагимиз билан барча суҳбатларни тўлиқ ёзиб олганмиз. Бундан кўзланган мақсад шуки, натижалардан норози бўлган абитуриентнинг мурожаати айнан видео ёзувлар билан ўрганилади», —  дейди у.

ИИВ Академияси саф қисми офицерлари, ўқитувчилари орасида Академияда ўқиш истагида юрган абитуриентларга репетиторлик қилган шахслар йўқ. Буни ИИВ Академияси бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Ўткирбек Муҳаммедов ҳам тасдиқлади.

 «Бизнинг ўқитувчилар кечки соат 6-7гача ишда бўлади. Айниқса саф қисмидаги ходимлар уйга кечроқ қайтади. Буларнинг ичида абитуриентларга бевосита ёрдам бериб юргани йўқ.

Ўғил болалар ўртасида вилоятлардаги кадрларга бўлган талабдан келиб чиқиб, квоталар сақланиб қолган. Масалан, Андижон учун 40та ўрин, бироқ Сурхондарёга 35та бўлиши мумкин. Қизлар ўртасида эса бундай квота йўқ. Шунга бўлса керак, танлов қизлар ўртасида жуда юқори бўлмоқда.

Бу йилнинг ўзида 1880 нафар қиз ўқиш истагида бўлганди. Улардан тахминан 600 нафари якуний суҳбатга етиб келди. Аммо, ўқиш учун ажратилган ўрин 30тани ташкил этади. Жами қабул квотаси эса 600 киши учун мўлжалланган», — деб қўшимча қилди бошлиқнинг биринчи ўринбосари.

Маълум қилинишича, номзодлар якуний суҳбатга қўйилишидан аввал махсус рақам билан хонага кирган ва суҳбатда иштирок этган ўқитувчилар номзоднинг исм-шарифини билмайди.

Kun.uz мухбири билан суҳбатлашган номзоднинг таъкидлашича, шаффофлик деярли йўқолиб бормоқда.

«Мен ўзимнинг хато ва камчиликларимни англадим, аммо юқори балл тўплаган номзодлардан шубҳадаман. Барчаси холис бўлиши учун улар билан ўтказилган суҳбатлар эълон қилинсин», — дейди у.

Эслатиб ўтамиз, Давлат қабул комиссияси ҳали ИИВ Академияси бўйича мандат натижаларини расман эълон қилмади. Бор-йўғи, ҳозирча якуний суҳбат баллари кўрсатилган.

Каттақўрғонлик собиқ ИИБ ходими Санъат Умаров билан юз берган воқеа такрорланмаслиги учун, қабул комиссия ҳайъати аъзолари профессионал ишлади, деб умид қиламиз. Ёки барчаси келгуси 5 йилда маълум бўлади.

Алишер Рузиохунов
Тайёрлаган Алишер Рузиохунов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид