Жаҳон | 16:40 / 07.07.2018
7172
2 дақиқада ўқилади

Тереза Мэй вазирларни истеъфога чиқариш билан таҳдид қилди

Фото: The Independent

Буюк Британия бош вазири Тереза Мэй мамлакат ташқи ишлар вазири Борис Жонсон ва бошқа вазирлар Евроиттифоқдан чиқиш режасидан бош тортган тақдирда уларни истеъфога чиқаришга ваъда берди. Бу ҳақда Британия ҳукумати раҳбари Вазирлар Маҳкамасининг 6 июль куни бўлиб ўтган йиғилишида айтиб ўтган, деб ёзади The Times.

Нашр хабарига кўра, Мэй парламентдаги етакчи куч – Консерватив партия вакилларини бирлашишга ва Брюссель билан эркин савдо ҳудуди тўғрисидаги битимни қўллаб-қувватлашга чақирган. У шунингдек, парламент розилигисиз ҳеч қандай режа амалга оширилмаслигини тасдиқлаган.

Тереза Мэй, Brexit жараёни якунлангач, Британия ва ЕИ ўртасида саноат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун чекловларсиз эркин савдо ҳудуди яратилишига эришмоқчи.

Хабарда қайд этилишича, бош вазир унинг бу режасига қарши чиқадиган вазирларни истеъфога чиқаришини айтган.

«Brexit бўйича сиёсатимизни ишлаб чиқиш жараёнида Вазирлар Маҳкамасидаги ҳамкасбларимга ўз шахсий қарашларини билдириш имконини бергандим. Ушбу масала бўйича бир тўхтамга келингани эндиликда бу борада вазият ўзгаришини ва жамоавий масьулият тўла қайта тикланишини билдиради», - дея Мэй хонимнинг сўзларини келтириб ўтган инглиз нашри.

Британия Вазирлар Маҳкамаси кечаги йиғилишда Европа Иттифоқи билан музокаралар бўйича жамоавий бир тўхтамга келиб олди. Йиғилиш якунида Тереза Мэй Буюк Британия Brexit`дан сўнг ЕИ билан эркин савдо ҳудудини яратиш таклифи билан чиқишини эълон қилди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид