16:00 / 07.07.2018
13351

Ўзбекистонлик ўқувчилар халқаро математика мусобақасида ғалаба қозонди

Фото: Халқ таълими вазирлиги

Шу йилнинг 1-6 июль кунлари Болгариянинг Бургас шаҳрида ўтказилган мактаб ўқувчилари ўртасидаги математика бўйича халқаро мусобақада Ўзбекистон вакилларимиз 1та олтин, 2та кумуш ва 2та бронза медални қўлга киритишди.

Мактаб ўқувчиларининг Халқаро математика мусобақаси (International Mathematics Competition) дунёнинг иқтидорли ўқувчилари учун энг катта ва муҳим форум ҳисобланади. Ҳар йили июль ойида ўтказиладиган мусобақада дунёнинг 30га яқин мамлакатидан келган 600 нафардан ортиқ иқтидорли ўқувчилар ўзаро беллашади.

Мазкур нуфузли мусобақада бешинчи марта иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси шу йили мусобақада иштироки тарихида илк маротаба умумжамоа ҳисобида энг кўп медални олишга муваффақ бўлди.

Хусусан, Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги 1-ИДУМнинг 8 синф ўқувчиси Дониёр Исмоилов олтин медални қўлга киритди. Ушбу мактабнинг 7 синф ўқувчиси Ражаббоев Лазизбек ва Пешкў туманидаги 18 мактабнинг 9 синф ўқувчиси Норбоев Жаҳонгир – кумуш медаль, Термиз шаҳридаги 4-ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг  7 синф ўқувчиси Буриев Искандар, Учтепа туманидаги 4 мактабнинг 7 синф ўқувчиси Мажидов Муҳаммадризо бронза медалга сазовор бўлишди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги
Фото: Халқ таълими вазирлиги

«Юртимизда ўтган йиллар давомида таълим тизими тубдан ислоҳ қилиниб, ўқитиш жараёнига илғор метод ва усуллар, янги педагогик технологиялар татбиқ қилинди. Дарс ва машғулотларда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилаётгани эса ўғил-қизларимизнинг фанларга қизиқишини оширмоқда. Пировардида, таълим сифати ва самарадорлиги юксалиб, уларнинг нуфузли кўрик-танлов ҳамда интеллектуал мусобақаларда зафар қучишига замин яратмоқда. Ўқувчиларимизнинг Болгарияда эришган ғалабаси ҳам тизимдаги ислоҳотларнинг амалий самарасидир», дейилади Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати хабарида.

Top