Жамият | 14:23 / 09.07.2018
13167
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонлик ўқувчилар халқаро математика мусобақасида ғалаба қозонишди

Болгариянинг Бургас шаҳрида 1–6 июль кунлари ўтказилган мактаб ўқувчилари ўртасида математика бўйича халқаро мусобақада вакилларимиз битта олтин, 2 та кумуш, 2 та бронза медални қўлга киритишди, деб хабар бермоқда Kun.uz’га ХТВ матбуот хизмати.

Фото: Халқ таълими вазирлиги

Юртимизда ўтган йиллар давомида таълим тизими тубдан ислоҳ қилиниб, ўқитиш жараёнига илғор метод ва усуллар, янги педагогик технологиялар татбиқ қилинди. Дарс ва машғулотларда замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилаётгани эса ўғил-қизларимизнинг фанларга қизиқишини оширмоқда. Пировардида, таълим сифат ва самарадорлиги юксалиб, уларнинг нуфузли кўрик-танлов ҳамда интеллектуал мусобақаларда зафар қучишига замин яратмоқда. Ўқувчиларимизнинг Болгарияда эришган ғалабаси ҳам тизимдаги ислоҳотларнинг амалий самарасидир.

Мактаб ўқувчиларининг Халқаро математика мусобақаси (International Mathematics Competition) дунёнинг иқтидорли ўқувчилари учун энг катта ва муҳим форум ҳисобланиб, унда иштирок этиш ҳар бир мамлакат учун шарафдир.

Мазкур нуфузли мусобақада бешинчи марта иштирок этган Ўзбекистон терма жамоаси шу йили мусобақада иштироки тарихида илк маротаба умумжамоа ҳисобида энг кўп медални олишга муваффақ бўлди.

Фото: Халқ таълими вазирлиги

Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги 1-ИДУМнинг 8-синф ўқувчиси Дониёр Исмоилов олтин медални қўлга киритди. Ушбу мактабнинг 7-синф ўқувчиси Лазизбек Ражаббоев ва Пешкў туманидаги 18-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Жаҳонгир Норбоев – кумуш медаль, Термиз шаҳридаги 4-ихтисослаштирилган мактаб-интернатнинг 7-синф ўқувчиси Искандар Бўриев, Учтепа туманидаги 4-мактабнинг 7-синф ўқувчиси Муҳаммадризо Мажидов бронза медалга сазовор бўлишди.

Мавзуга оид