Жаҳон | 22:56 / 10.07.2018
7595
2 дақиқада ўқилади

Дунёнинг энг қадимий бўёқлари аниқланди

Фото: AFP

Австралиялик олимлар Саҳрои Кабирда дунёнинг энг қадимий биологик бўёқларини топишга муваффақ бўлишди. Ушбу топилма мураккаб жонзотлар нима учун яқиндагина юзага келганини тушунишга кўмак беради, дейилади New Straits Times нашрида.

Манбага кўра, бўёқлар бундан тахминан 1,1 миллиард йилдан зиёд олдин содда микроскопик организмлар томонидан ишлаб чиқилган пушти пигментлар бўлиб, уларнинг ёши шу кунгача топилган энг эски пигментлардан 500 миллион йилга каттадир.

Австралия Миллий университети олими Йохен Брокс қадимий пигментларнинг ёши тираннозаврлар ёшидан 15 баравар катта эканини маълум қилган.

Саҳрои Кабирда аниқланган бўёқлар нима учун Ер сайёраси бундан 4,5 миллиард йил аввал пайдо бўлган бўлса-да, сайёрамиздаги мураккаб ўсимлик ва жониворлар нисбатан яқин ўтмишда, яъни бундан 600 миллион йил олдин юзага келганини аниқлашга ёрдам беради, деб ҳисоблашмоқда олимлар.

Бундан олдинги илмий ишларда кислород миқдорининг кам бўлгани мураккаб жонзотлар эволюциясига тўсқинлик қилган, дейилади. Бироқ цианобактерияларнинг бундан 1,1 миллиарддан зиёд йил аввал мавжуд бўлгани уларнинг сув ўтларини сиқиб чиқарганини кўрсатади.

Сув ўтлари, микроскопик бўлса-да, цианобактериялардан минглаб марта катта ҳажмга эга ва анча бой озуқа манбаи ҳисобланади, дейилади манбада. 

Цианобактериялар океанлари тахминан 650 миллион йил илгари йўқола бошлаган. 

Қадимий бўёқлар нефть ширкати Ғарбий Африкада қазиб олинган тошларни лабораторияга юбориши натижасида тасодифан аниқланган.

Пигментлар ўсимлик ва баъзи микроскопик ҳаёт шаклларига ёруғликни энергияга айлантириш имконини берувчи кимёвий модда - хлорофиллнинг тошдек қотган реликтлари ҳисобланади. 

Олимларнинг айтишларича, улар топган пушти бўёқ дастлаб кўк-яшил рангларда бўлган. 

Лола Раҳманбаева
Тайёрлаган Лола Раҳманбаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид