Фан-техника | 00:32 / 10.07.2018
6318
2 дақиқада ўқилади

Samsung Ҳиндистонда смартфонлар ишлаб чиқарувчи йирик завод очди

Фото: AP Photo / Lee Jin-man

Жанубий Кореянинг Samsung Electronics электроника ишлаб чиқарувчиси Ҳиндистонда смартфонлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик завод очди, дейилади компания тарқатган хабарномада.

«Ҳиндистон бош вазири бугун Ҳиндистоннинг Уттар-Прадеш штати, Нойда шаҳрида тантанали равишда Samsung Electronics мобил телефонларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган жаҳондаги энг йирик заводни очиб берди», — дейилади релизда. Таъкидланишича, Samsung India «Дунё учун яса» ташаббусига старт берган, ундан мақсад — Ҳиндистонда ишлаб чиқарилаётган телефонларни хориж бозорларига экспорт қилишдир.

Янги объект шарофати билан Samsung ўзининг Нойдадаги ишлаб чиқариш қувватларини қарийб икки баробарга — йилига 68 миллион телефондан 120 миллионгача ошириб олади.

Samsung 2007 йилдан буён Ҳиндистонда мобиль телефонлар ишлаб чиқариш билан шуғулланади.

«Нойдадаги фабрикамиз жаҳондаги мобиль телефонлар ишлаб чиқариш бўйича энг йирик завод бўлиб, Samsung’нинг Ҳиндистонга қатъий содиқлик  рамзи ҳамда «Ҳиндистонда яша» ҳукумат дастурининг муваффақиятга яққол мисол бўла олади. Samsung — Ҳиндистоннинг узоқ муддатли ҳамкоридир», — дейилади релизда Samsung India раҳбари жаноб Ҳонгнинг сўзларидан иқтибос келтирилиб.

Samsung Electronics — яримўтказгичлар, телекоммуникация ускуналари, хотира чиплари, суюқ кристалли дисплейлар, мобиль телефонлар ва мониторлар каби электроника маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи халқаро компаниядир. Унинг штаб-квартираси Жанубий Корея пойтахти Сеул шаҳрида жойлашган.

Мавзуга оид