Жамият | 18:10 / 11.07.2018
15535
2 дақиқада ўқилади

Ҳақиқий муҳтож киши «Вақф»дан пул сўраши мумкинми? 

Муҳтож инсон зарурий эҳтиёжлари учун «Вақф» хайрия жамоат фондига мурожаат этиб, молиявий ёрдам олиши мумкин. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Музаффар Комилов маълумот берди. 

Музаффар Комилов
Фото: Халқаро Пресс-клуб

Жорий йилнинг 11 июль куни Тошкент шаҳридаги Медиа-марказ биносида Халқаро Пресс-клубнинг «Вақф: хайрия маблағлари бошқарувига шаффоф ёндашув» мавзусида сессия бўлиб ўтди. Унда нутқ қилган қўмита расмий вакили айрим саволларга жавоб берди.   

«Банк фойда кўрмаса, маблағ ажратмайди. Бироқ, ҳақли инсон қарз сўраб, шифо мақсадида, масалан, даволаниш ёки тўлов-контрактини тўламоқчи бўлган муҳтож инсон бўлса, фоизсиз қарз олсин, марҳамат. Пулнинг ўзини вақф қилиб қўйиш мумкин, шу ҳолатда уни фойдаланишга бериб туриш мумкин бўлади. Демак, вақфни вақфга ишлатиш мумкин. Фақатгина уни тартибга олиш керак», — дейди Дин ишлари бўйича қўмита раисининг ўринбосари Музаффар Комилов.  

Комиловнинг таъкидлашича, закот ва бошқа турдаги хайрия пуллар мақсадли, ўз йўналишида сарфланса, пулнинг ўзини ҳам вақф қилиш мумкин. 

«Вақф - нарсани Аллоҳ мулки ҳисобида сақлашдир. Яъни, вақф қилинган нарса вақф қилувчининг мулкидан чиқади ва Аллоҳ мулкига айланади. Вақф қилинган нарсадан келадиган фойда вақф қилувчи уни вақф этишда тайинланган жиҳатга (масалан, талабалар, мусофирлар, камбағаллар каби) сарф қилинади ва савоби вақф қилувчиларга абадий бўлади», —деб хабар берилади баёнотда.

Мавзуга оид