19:47 / 11.07.2018
3535

ТИВда Словения ва АҚШ элчилари билан учрашувлар бўлиб ўтди

Фото: ТИВ ахборот хизмати

2018 йилнинг 11 июль куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигида икки давлат элчилари билан учрашувлар бўлиб ўтди. Бу ҳақда вазирлик расмий сайти хабар бермоқда.

Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов дастлаб Словения Республикасининг фавқулодда ва мухтор элчиси (қароргоҳи Москва шаҳрида) Примож Шелиго билан учрашди. Суҳбат давомида турли соҳаларда ва «Ўзбекистон-Европа Иттифоқи» шаклида икки томонлама алоқалар ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Музокараларда вазирликлараро сиёсий маслаҳатлашувлар 1999-йилдан буён ташкиллаштирилмаганлиги ва ушбу шаклдаги алоқаларни ўтказиш амалиётини қайта йўлга қўйишдан томонлар манфаатдор эканлиги қайд этилди. Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия каби самарали институтларни яратиш ва уларнинг мунтазам фаолиятини бошлаш тўғрисида таклифлар билдирилди.

Ўзбекистонда дипломатик миссияси якунланаётганлиги муносабати билан Элчига икки мамлакат ўртасидаги муносабатларни мустаҳкамланишига қўшган конструктив ҳиссаси учун миннатдорчилик билдирилди.

Шундан сўнг Абдулазиз Комилов Америка Қўшма Штатлари фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Леора Спратленни қабул қилди.

Суҳбат давомида Ўзбекистон-АҚШ кун тартибидаги долзарб масалалар юзасидан фикр алмашилди. Минтақа муаммоларини муҳокама қилиш чоғида алоҳида эътибор 2018-йил 27-март куни Афғонистон бўйича халқаро конференцияда қабул қилинган Тошкент декларацияси қоидаларини амалга оширишга қаратилди.

Top