Жаҳон | 08:20 / 12.07.2018
13011
2 дақиқада ўқилади

АҚШнинг энг муваффақиятли тадбиркор аёллари маълум қилинди 

Forbes нашри 4-маротаба АҚШнинг ўз кучи билан муваффақиятга эриша олган 60 нафар тадбиркор аёли рўйхатини эълон қилди.  

Нашр маълумотларига кўра, бу аёлларнинг умумий бойлиги 71 млрд долларга баҳоланган, бу эса 2017 йилдагидан 15 фоиз кўпроқни ташкил қилади. Бу рейтингга кириш учун зарур бўлган минимал капитал ҳажми 23 фоизга ошиб, 320 млн долларга баҳоланган. Рейтингнинг сўнгги ўринидан қўшиқчи Тейлор Свифт жой олган, унинг бойлиги 320 млн долларга баҳоланган.

Рўйхатга кирган аёллардан 24 нафари миллиардер бўлиб, ўтган йили бундай аёллар сони 18 нафарни ташкил қилган.

Рейтингга кўра, АҚШнинг ўз кучи билан муваффақиятга эриша олган энг бой аёли ABC Supply компанияси асосчиси Диана Хендрикс ҳисобланади. Унинг бойлиги 4,9 млрд долларга баҳоланган. 2-ўринни Little Caesars Pizza компанияси ҳамасосчиси Мариан Илитч 4,3 млрд долларлик бойлик билан эгалламоқда.

Диана Хендрикс / Фото: Bloomberg
Мариан Илитч / Фото:AP

Рейтингнинг 3-ўрнини Epic Systems асосчиси ва бош директори Жуди Фолкнер 3,5 млрд долларлик бойлик билан эгалламоқда.

Жуди Фолкнер / Фото: Bloomberg

Умумий ҳисобда 17 аёл мода ва савдо-сотиқ соҳаси эвазига бойлик орттирган, улардан 7 нафари косметика ва терини парваришлаш воситаларини сотиш билан шуғулланади. Технологиялар соҳаси рейтингга кирган 13 аёлга, оммавий ахборот воситалари ва кўнгил очиш соҳаси 10 аёлга катта бойлик келтирган.   

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид