Жаҳон | 00:02 / 12.07.2018
8473
2 дақиқада ўқилади

Трамп НАТО мамлакатларидан зудлик билан мудофаа харажатларини оширишни талаб қилди

Фото: getty images

АҚШ президенти Дональд Трамп НАТОга аъзо барча мамлакатлардан зудлик билан мудофаа харажатларини ЯИМнинг 2 фоизига етказишни талаб қилди.

"АҚШ Европа муҳофазаси учун пул сарфлайди-да, савдо соҳасида миллиардлаб долларларни йўқотади. НАТО мамлакатлари 2025 йилга бориб эмас, ҳозирнинг ўзидаёқ ЯИМнинг 2 фоизини тўлашлари керак", - деб ёзади у ўзининг Twitter'ида. 

"Германия газ ва энергия ресурслари учун Россияга миллиардлаб доллар тўласа, НАТОдан қандай наф? Нима учун 29 мамлакатдан атиги бештасигина ўз мажбуриятларини бажармоқда?", - дея савол билан юзланади Америка президенти. 

Бундан аввал Оқ уй матбуот котиби Сара Сандерс Трамп альянс саммити давомида НАТОга аъзо мамлакатларга ўзларининг мудофаа харажатларини ЯИМнинг 4 фоизигача чиқаришни таклиф қилгани ҳақида айтганди. "НАТО саммитидаги бугунги нутқи давомида президент ташкилотга аъзо мамлакатларга мудофаа харажатларини нафақат ЯИМнинг 2 фоизигача етказишга доир мажбуриятларини бажаришларини, балки бу кўрсаткични 4 фоизгача чиқаришини таклиф қилди", - деди Сандерс. 

Болгария президенти Румен Радев Америка президентининг бундай талаби ҳақида шундай фикр билдирди: "Бу рақамлар эълон қилинганидан кейин у (Дональд Трамп - таҳр.) учрашувни тарк этди, кейинги чиқишлар давомида унинг талаби бошқа тилга олинмади", - дейди Радев. 

"НАТО - хавфсизлик сотиб олинадиган биржа эмас, бироқ бошқа томондан, президент Трамп ҳақ, зеро ҳар бир давлат самарали мудофаа хусусиятларини қуриши керак. Шундай бўлса-да, Болгариядаги хавфсизликка маблағлар қай даражада хоҳишга қарши ажратилаётгани аён", - дея президентнинг сўзларини келтирган Болгария миллий радиоси. 

Радевнинг фикрича, АҚШ томонидан босим давом этади ва бу трансатлантик беқарорлик юзасидан Россия билан мулоқот қилиш зарур.

Мавзуга оид