Жаҳон | 22:20 / 13.07.2018
10899
2 дақиқада ўқилади

Трамп Путин билан музокараларда кўтариладиган мавзуларни маълум қилди

Фото: AP

АҚШ президенти Дональд Трамп Хельсинкидаги саммит доирасида Россия президенти Владимир Путин билан Украина, Сурия, ядровий қуролни тарқатмаслик мавзуларини муҳокама қилишини маълум қилди. 

Трампнинг айтишича, Путин билан учрашув “НАТОнинг аъло даражадаги саммитидан” кейин бўлиб ўтади. 

Трамп ядровий қуролни тарқатмаслик ҳақида сўзлаганда “бу вайронкор технологиялардир”, деб таъкидлаб ўтган. “Бу жуда, жуда ёмон сиёсат. Бизда бошқа танлов йўқ. Биз ядровий қуролни тарқатмасликни муҳокама қиламиз”, деб айтган Трамп.

Кремлда эса Путин ва Трамп икки томонлама муносабатларни ривожлантириш истиқболлари ва кун тартибидаги долзарб масалаларни муҳокама қилишлари маълум қилинган.    

Трампнинг айтишича, АҚШ ва Россия ўртасидаги алоқалар яхшироқ бўлиши мумкин эди, бироқ уларнинг ривожланишига “жодугарларга ов” зиён етказган.

Трамп агар Путин билан бирга вақт ўтказса, у билан яхши муносабатлар вужудга келишига умид билдирган.

“Одамлар бу иш бермайди дейдилар, бироқ мен улардан фарқланаман. Фикримча, Россия билан алоқалар “жодугарларга ов” сабабли қаттиқ зиён кўрган. Мен буни уюштирилган “жодугарларга ов” деб ҳисоблайман. Бу Россия билан муносабатларимизга қаттиқ путур етказган”, деб айтган Трамп Британия бош вазири Тереза Мэй билан матбуот анжуманда.   

Икки етакчининг учрашуви 16 июлда Хельсинкида бўлиб ўтади.

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид