Спорт | 22:53 / 14.07.2018
6733
1 дақиқада ўқилади

Ангелика Кербер Уимблдон ғолибаси бўлди

Фото: EPA

Германиялик теннисчи Ангелика Кербер Уимблдон мусобақаси финалида америкалик Серена Уильямсни 6:3, 6:3 ҳисобида мағлуб этиб, ўз фаолиятида илк бор энг нуфузли теннис мусобақаси ғолибаси бўлди. Энди 30 ёшли теннисчининг ҳисобида Катта дубулға сериясига кирувчи 3 та мусобақада ғалаба бор.

Кербер 2016 йилда Австралия очиқ чемпионати ва АҚШ очиқ чемпионатини ютган. У ўша йили Уимблдон финалида ҳам иштирок этган. Кербер 34 ҳафта давомида Аёл теннисчилар уюшмаси рейтингининг энг юқори поғонасини эгаллаган.

Ушбу финал икки теннисчи ўртасидаги тўққизинчи ўзаро учрашув бўлди. Шундан Кербер ҳисобида 3 та ғалаба, Уильямсда эса 6 та ғалаба бор.

Уильямс ушбу мағлубият сабабли австралиялик теннисчи Маргарет Корт билан Катта дубулға сериясига кирувчи мусобақалардаги ғалабалар сони бўйича тенглаша олмади. Кортнинг ҳисобида 24 та унвон, 36 ёшли Уильямсда эса 23 та унвон бор.

Мавзуга оид