Ўзбекистон | 18:00 / 18.07.2018
10700
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда Wi-Fi тармоғидан фойдаланувчининг шахсини тасдиқлаш мажбурий бўлди

Адлия вазирлиги Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг «Маълумотлар узатиш тармоқлари, жумладан янги таҳрирдаги Интернет хизматларини кўрсатиш тартибини тасдиқлаш тўғрисидаги»ги буйруғини рўйхатга олди. Мазкур ҳужжат Ўзбекистонда Wi-Fi тармоқлари хавфсизлигини таъминлаш ва сайёҳликни ривожлантириш мақсадида қабул қилинди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон президентининг «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонида жамоат жойларида Интернет тармоғига симсиз бепул уланишни ташкил этган операторлар, провайдерлар ва бошқа хўжалик юритувчи субъектлар олдига фойдаланувчиларнинг шахсини мажбурий тартибда аниқлаш тизимини таъминлаш вазифаси қўйилган.

Маълумотларга қараганда, бугунги кунда республикадаги шаҳарларнинг катта қисми Wi-Fi тармоқлари билан қамраб олинган. Аксарият жамоат жойларида, савдо марказлари ҳамда биноларда Интернетга Wi-Fi орқали уланиш жорий қилинган. 

Бироқ очиқ Интернет тармоқларидан қонунга хилоф мақсадларда (товламачилик, коррупция) фойдаланиш, террорчилик ҳаракатларида қўллаш кўламининг ошиб бораётгани ҳамда бошқа омиллар жамоат жойларида Wi-Fi орқали Интернет хизматлари кўрсатишни тартибга солишни тақозо қилмоқда. 

Маълумотлар узатиш тармоқлари, жумладан янги таҳрирдаги Интернет хизматларини кўрсатишнинг янги тартибида очиқ Интернет тармоғидан фойдаланиш бўйича талаблар алоҳида бўлимда келтириб ўтилган. Унга кўра, ахборот хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳар бир фойдаланувчи очиқ Интернет тармоғидан фойдаланаётганда шахсини тасдиқлаши зарур.

Янги киритилган тартиб-қоида қуйидагича: 
• фойдаланувчи ўз шахсини мобил телефон рақамлари орқали ёки шахсни тасдиқловчи ҳужжатдаги маълумотлар (чипта, меҳмонхонадан рўйхатдан ўтиш маълумотлари) орқали тасдиқлаши мумкин. Фойдаланувчи мобил телефони орқали шахсини тасдиқламоқчи бўлса, чекланган муддатда фаолият кўрсатувчи (10 дақиқадан кўп бўлмаган) ҳамда фойдаланувчининг телефон рақамига СМС-хабар тарзида юборилган бир марталик кириш пароли (OTP – One Time Password) дан фойдаланилади;
• Wi-Fi хизмати ташкилотчиси фойдаланувчининг телекоммуникация тармоқлари орқали узатилаётган шахсий маълумотлари ҳамда хабарларининг махфийлигини таъминлаши шарт. Мазкур ҳолат бўйича чекловлар қонунчиликда кўзда тутилган ҳолатларда амал қилиши мумкин;
• Wi-Fi хизматларининг сифатли кўрсатилиши устидан назорат Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги қошидаги Алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация технологиялари соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси зиммасига юклатилади. 

Хабар қилинишича, қатор мамлакатларда Wi-Fi тармоғига имтиёзли уланиш жамиятнинг «шахси тасдиқланган» ҳамда Wi-Fi тармоғи ривожига ҳисса қўшувчи аъзоларига, масалан, ўз уйининг том қисмига Wi-Fi қурилмалари ўрнатилишини қўллаб-қувватлаган шахсларга берилади. 

Эстония, Финляндия каби мамлакатлардаги муниципалитет, университет, тижорат ташкилотларида ҳамда Париж, Қуддус каби шаҳарларда ана шундай тизимдан фойдаланилади.
Шунингдек, жамоат жойларида Wi-Fi тармоғидан ўз шахсини тасдиқлаш орқали фойдаланиш талаби бошқа давлатлар, масалан, Италия, Жанубий Корея ва бир қатор давлатларда жорий қилинган.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид