Жаҳон | 15:41
926
3 дақиқада ўқилади

Давлат думасида мобил интернет ва Wi-Fi йўқолиб қолди

Москвадаги интернет билан боғлиқ муаммолар Давлат думасига ҳам таъсир қилди. У ерда мобил интернет ва Wi-Fi тармоқлари — ҳамма учун очиқ тармоқ ҳам, парол билан ҳимояланган тармоқ ҳам ишламаяпти, деб маълум қилди Иқтисодий сиёсат қўмитаси раҳбарининг ўринбосари Михаил Делягин.

Фото: Getty images

Москвада ва бутун Россия бўйлаб интернет кенг кўламда блокланаётган шароитда Давлат думасида мобил алоқа ва симсиз интернет (Wi-Fi) йўқолди. 12 март, пайшанба куни шаҳар марказидаги Охотний рядда жойлашган бинода очиқ ҳам, парол билан ҳимояланган симсиз тармоқ ҳам тўлиқ ишламай қолди, деб хабар берди Дума Иқтисодий сиёсат қўмитаси раиси ўринбосари Михаил Делягин ўзининг Telegram-каналида.

“Кеча ҳам у барча телефонларда ишламади, энди эса ҳар икки тармоқнинг ўзи (биттаси ҳамма учун, иккинчиси парол билан — кеча у ҳам йўқ эди) умуман мавжуд эмас”, — деб ёзди Делягин. У, шунингдек, Давлат думаси биносида онлайн-сервисларнинг бирортаси, жумладан ҳокимият рухсат берган Max давлат мессенжери ҳам ишламаётганини маълум қилди. Депутат у билан боғланмоқчи бўлганлардан SMS хабар ёзишни сўради.

Давлат думасидан интернетга чиқишнинг барча имкониятлари йўқолгани ҳақида “Ведомости” газетаси ҳам қуйи палатадаги манбаларига таяниб ёзди. Хусусан, ялпи мажлисда КПРФ фракцияси депутатлари электрон почтани текшириш имкони йўқлигидан шикоят қилди. Улар, шунингдек, хизмат телефонлари ҳам ишламаётганини айтди.

Давлат думаси спикери Вячеслав Володин интернетдаги узилишларни “хавфсизлик масалалари” билан боғлади ва Ахборот сиёсати қўмитаси раҳбари Сергей Боярскийга мурожаат қилишни сўради.

Россия ҳукумати 2025 йил баҳоридан бошлаб Украина дронлари ҳужумлари сабабли мобил тармоқларни мунтазам равишда ўчира бошлади. Ўтган йил давомида интернет-шатдаунлар сони бўйича янги рекордлар қайд этилди. Интернетдаги узилишлар жанг ҳаракатлари ҳудудидан жуда узоқда жойлашган минтақаларга ҳам тааллуқли бўлди (Приморе, Сахалин, Камчатка).

Март ойи бошидан бери Москвада мобил алоқа билан боғлиқ кенг кўламли муаммолар кузатилмоқда. Мобил интернет ишламай қолган, турли сервисларга киришда узилишлар қайд этилмоқда. “Коммерсант” манбаларига кўра, алоқа операторларига айрим жойларда мобил интернет ишини чеклаш ҳақида кўрсатма берилган. “Код Дурова” манбаси аниқлик киритишича, Москвадаги ўчиришлар муайян ҳудудларда амал қилмоқда. Унинг сўзларига кўра, туманнинг бир қисмида тармоқ ишлаши мумкин, бир неча кўча нарида эса у бутунлай йўқ.

Бундан олдин Роскомнадзор Россияда Telegram ишини мақсадли равишда секинлаштириш ниятини расман тасдиқлаган эди. Идорада “изчил чекловлар” жорий этиш режалаштирилаётгани айтилди. Расман регулятор бу чораларни “Россия қонунчилиги бузилиши” ва “фуқаролар хавфсизлиги”га таҳдид билан изоҳлади. Интернет-цензура бўйича экспертлар эса ҳукуматнинг асл мақсади — WhatsApp мисолида бўлгани каби, Telegram’ни аста-секин сиқиб чиқариш учун шароит яратиш ва Россиядаги фойдаланувчиларни давлат назоратидаги мессенжерларга, аввало Max ва VK’га ўтказиш, деб ҳисоблайди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид