Жаҳон | 18:00 / 19.07.2018
42226
2 дақиқада ўқилади

Путин АҚШдаги «айрим қудратли кучлар» ҳақида огоҳлантирди

Фото: ТАСС, Михаил Метцель

Россия Америка йўналишидаги сиёсатини олиб боришда ҳаттоки ўз давлати зарарига бўлса ҳам Россия билан алоқаларни узишга уринаётган АҚШдаги айрим қудратли кучларнинг уринишларини ҳисобга олиши лозим, деди Россия президенти Владимир Путин.

«Қўшма Штатларда ўзларининг жамоавий, тор партиявий манфаатларини умуммиллий манфаатлардан юқори қўювчи кучлар мавжудлигини кўриб турибмиз. Бундайлар ҳақида бир пайтлар таниқли сатирик ёзувчиларимиз «бечора, бир тийинга қиммат одамлар» деб ёзишганди. Лекин бундай эмас, мазкур ҳолатда бундай эмас  - улар бечора ва бир тийинга қиммат одамлар эмас, аксинча, етарлича куч-қудратга эга, миллионлаб фуқароларини тарихий мантиққа зид тарафга буриб юборишга қодирлар», - деди Путин Россия элчилари йиғилишида.

У шунингдек, айрим кучлар Хельсинкидаги учрашув натижаларини йўққа чиқаришга уринаётгани ва ўз истакларига эришиш учун Россия-Америка муносабатларини қурбон қилишга тайёр эканлигини айтди.

Эслатиб ўтамиз, 16 июль куни Хельсинкида Путин ва АҚШ президенти Дональд Трамп ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Икки мамлакат раҳбарлари учрашувга юқори баҳо берган бўлса-да, АҚШ президенти демократлар ва айрим республикачилар томонидан танқидга учради.

Мавзуга оид