Жаҳон | 10:00 / 20.07.2018
19853
2 дақиқада ўқилади

Трамп Путинни Вашингтонга таклиф қилди

Фото: Kevin Lamarque / Reuters

АҚШ президенти Дональд Трамп Россия раҳбари Владимир Путинга кузда Вашингтонга ташриф буюришни таклиф қилди, деб хабар қилди АҚШ президенти матбуот котиби Сара Сандерс.

«Президент Хельсинкидаги учрашувда икки мамлакат хавфсизлик кенгашлари ходимлари даражасида мулоқотни давом эттиришга рози бўлди. Президент Трамп миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жон Болтондан президент Путинни кузда Вашингтонга ташиф буюришга таклиф этишни сўради. Бу масала муҳокама қилинмоқда», — деб ёзди Сандерс Twitter’да.

Трамп иккинчи учрашувда терроризмга қарши кураш, Исроил хавфсизлиги масаласи, ядро қуролини тарқатмаслик, киберҳужумлар, иқтисодий ҳамкорлик, Украина, Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш, Шимолий Корея ва бошқа мавзуларни муҳокама қилиш ниятида.

Путин ва Трампнинг тўлиқ шаклдаги илк учрашуви 16 июль куни Хельсинкида бўлиб ўтди. Музокаралар деярли тўрт соат давом этди. Америка президентининг қайд этишича, учрашув якунларига кўра яхши хулосага келинди.

Хельсинкидаги учрашувдан олдин Болтон Москвага расмий ташриф билан келган ва музокаралардан сўнг Россия ва АҚШ президентларининг учрашув жойи ва вақти белгиланганди.

Мавзуга оид