Иқтисодиёт | 15:59 / 28.07.2018
7847
6 дақиқада ўқилади

Марказий банк қайта молиялаш ставкасини йиллик 14 фоиз даражасида қолдирди

2018 йилнинг 28 июль куни Марказий банк Бошқаруви ўзининг навбатдаги йиғилишида қайта молиялаш ставкасини йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда МБ ахборот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, мазкур қарор истеъмол нархлари ўсиш суръатининг пасайиш тенденциясини мустаҳкамлаш ва иқтисодиётдаги таркибий ўзгартиришлар даврида инфляцион босимнинг кучайиш хавфи сақланиб қолаётганлиги сабабли миллий валютадаги депозитларнинг нисбатан юқори даромадлилигини таъминлашга қаратилди.

2018 йилнинг январь-июнь ойларида истеъмол нархлари индексининг ўсиши ўтган йилнинг декабрь ойига нисбатан 6,2 фоизни (2017 йилнинг январь-июнь ойларида 7,2 фоиз) ташкил қилди. Мазкур даврда истеъмол нархлари индексининг ойлик динамикаси январь ойидаги 2,7 фоиздан июнь ойига келиб -0,4 фоизгача тушиши, иқтисодиётда нархларнинг пасайиб бораётганлигини кўрсатмоқда.

Ушбу даврда инфляция таркибида ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда сезиларли ўзгаришлар рўй берди. 2017 йилнинг биринчи ярим йиллигида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсиши инфляцияга таъсир кўрсатган асосий омил бўлган бўлса, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида уларнинг ўсиши икки баробарга секинлашиб 4,6 фоизни, хизматлар тарифлари ошиши эса икки баробарга ошиб 8 фоизни ташкил этди. Ўз навбатида, 2018 йилнинг январь-июнь ойларида ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ва хизматлар тарифлари ошиши инфляцияни келтириб чиқарувчи асосий омиллар бўлди.

Нархлар ўсиши умумий динамикасининг пасайишига қарамасдан, тартибга солинадиган нархларнинг оширилиши ҳамда айрим асосий озиқ-овқат маҳсулотларининг сезиларли даражада қимматлашуви ҳисобига иқтисодиётда юқори инфляцион босим сақланиб қолмоқда.

Аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг қисқа муддатли истиқболдаги инфляцион кутилмалари пасайиш тенденциясига эга бўлса-да, узоқ муддатли истиқболда, аксинча, нисбатан юқори даражада сақланиб қолмоқда.

2018 йил иккинчи чорагида банклараро пул бозорида фоиз ставкалари банк тизимидаги ликвидлик ҳолатидан келиб чиқиб 12,7-13,1 фоиз оралиғида тебраниб турди.

Мажбурий резервларнинг янги тартиби ва нормативларининг жорий қилиниши Марказий банк соф ташқи активларининг ўсиши ҳисобига вужудга келган банк тизимидаги ликвидликнинг ошишини олдини олди.

Молия вазирлиги томонидан Давлат бюджетини мувозанатли ижросини таъминлаш бўйича ёндашув ликвидлик ва пул массаси ўсиш суръатини маълум бир даражада ушлаб туриш имкониятини берди.

Кредитлар бўйича реал фоиз ставкаларининг инфляция даражасига нисбатан юқори даражада шаклланишига қарамасдан давлат дастурлари доирасида имтиёзли кредитлар ажратиш кўламининг ортиб бориши ҳисобига иқтисодиётни кредитлаш ҳажмлари юқори суръатда ошди.

2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида жами кредит қўйилмалар қолдиғи ҳажми 21,5 фоизга ошди. Натижада, жорий йилнинг иккинчи чорагида пул массаси ўсиш суръатининг биринчи чоракка нисбатан жадаллашуви кузатилиб, биринчи ярим йиллик якуни бўйича пул массаси 5,8 фоизга ошди.

Миллий валютадаги депозитларнинг нисбатан юқори даромадлилигини сақлаб туриш бўйича амалга оширилаётган фоиз сиёсати банкларнинг мажбуриятлар таркибидаги жамғарма ва муддатли депозитлар ҳажмининг мос равишда 40 ва 27 фоизга юқори суръатларда ошишига сабаб бўлди.

2018 йил иккинчи чорагида хорижий валюта таклифининг ортиб бориши шароитида миллий валюта алмашув курси 3,1 фоизга мустаҳкамланди.

Республиканинг йирик савдо ҳамкор мамлакатларида иқтисодий ўсиш суръатларининг тикланиши ҳамда асосий экспорт маҳсулотлари учун қулай бозор конъюнктурасининг шаклланиши тўлов баланси ҳолатига ижобий таъсир кўрсатиб борди.

2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида барқарор иқтисодий ўсиш хизматлар ва саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш соҳасида ўсиш суръатларининг тезлашиши ҳисобига таъминланди.

Давлат статистика қўмитасининг дастлабки ҳисоб-китобларига кўра, 2018 йилнинг январь-июнь ойларида ялпи ички маҳсулот реал ҳажми 4,9 фоизга ўсди.

Юқори ўсиш суръатлари шунингдек, фаолият юритаётган корхона ва ташкилотлар сонининг жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида 7,3 фоизга ёки 20,7 мингтага кўпайишида ҳам намоён бўлди.

Мазкур даврда капитал қўйилмалар ҳажми 13,4 фоизга ўсди. Олиб борилаётган қурилиш ишлари ҳажми ва кўлами фаол кенгайишда давом этди (ўсиш 9,7 фоиз).

Иқтисодиётда кузатилаётган юқори фаоллик шароитида 2018 йил иккинчи ярим йиллигида тадбиркорликни, алоҳида тармоқлар ва ҳудудларни ривожлантириш бўйича давлат дастурларининг амалга оширилиши иқтисодиётнинг ўсиш суръатига қўшимча туртки бўлиши кутилмоқда.

Мақсадли дастурлар доирасида кредитлаш ҳажмларининг ошиб бориши, айрим тармоқларда иш ҳақи миқдорларининг қайта кўриб чиқилиши ҳамда тартибга солинадиган нархларни эркинлаштириш жараёнларини давом эттирилиши иқтисодиётда инвестицион ва истеъмол талабини ошириб, қисқа муддатли истиқболда маълум даражада инфляцион босимнинг кучайишига олиб келиши мумкин.

Жорий йилнинг иккинчи ярим йиллигида иқтисодиётда инфляцион кутилмаларнинг юқорилигича сақланиб қолаётганлигини инобатга олиб, Марказий банк Бошқаруви пул-кредит сиёсатининг амалдаги йўналишини давом эттириш ва қайта молиялаш ставкасини йиллик 14 фоиз даражада ўзгаришсиз қолдириш бўйича қарор қабул қилди.

Марказий банк турли омиллар таъсирида пул-кредит шароитларининг амалдаги ва кутилаётган ўзгаришларини кузатиб боради ва ўз навбатида, юзага келадиган инфляцион хатарлардан келиб чиқиб тегишли чоралар кўради.

Марказий банк Бошқарувининг қайта молиялаш ставкасини кўриб чиқиш бўйича навбатдаги мажлиси 2018 йил октябрь ойининг иккинчи ярмида ўтказилиши режалаштирилган.

Мавзуга оид