Ўзбекистон | 18:19 / 28.07.2018
29779
8 дақиқада ўқилади

Меҳнат вазирлиги Кореяга юборилаётган фуқаролар билан боғлиқ можароли ҳолатга ойдинлик киритди

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги “Озодлик радиоси” ахборот порталида эълон қилинган “Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Кореяга қул жўнатяптими?” (24.07.2018)  номли мақола бўйича муносабат билдирди. Қуйида унинг матни келтирилади.

Мақолада 4 йилу 10 ой (4 йилу 1 ой эмас)га тузиладиган шартнома бўйича “...ишчи Кореяга боргач, “1 ой ишлабоқ қочиб кетса” Агентлик ундан 72000 доллар (4 йил = 48 ой; 48х1500 = 72000) талаб қиладими?” деб савол берилган. 

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тасарруфидаги Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан Корея Республикаси Бандлик ва меҳнат вазирлиги ўртасида 2016 йил 31 мартда имзоланган “Бандликка рухсат бериш тизими бўйича ишчи кучини Корея Республикасига юбориш тўғрисида”ги Меморандум, Корея Республикасининг “Чет эллик ишчиларни ишга жойлаштириш тўғрисида”ги Қонунга мувофиқ ишлаб чиқилган “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Корея Республикасида иш билан таъминлаш бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисида шартнома”га кўра, ушбу ҳужжатнинг 8.2 бандида “Мазкур шартнома 6.2.5 (Меморандум шартларига мувофиқ иш берувчи билан тузилган меҳнат шартномасига асосан Корея ваколатли идораларининг рухсатисиз иш жойини ташлаб кетмаслик, иш жойини ўзгартирмаслик ҳамда Корея ҳудудида ноқонуний мақомда бўлмаслик) ва 6.2.9 (Меҳнат шартномасининг муддати тугагач (ёки иш берувчи билан келишувга кўра меҳнат шартномасининг муддатидан олдин) 10 (ўн) иш куни ичида Ўзбекистонга қайтиш) бандларининг қоидалари фуқаро томонидан бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаган тақдирда унга нисбатан мажбурият бажарилиши кечиктирилган кундан бошлаб ҳар бир ой учун 1500 (бир минг беш юз) АҚШ доллари миқдорида жарима қўлланилади” деб белгилаб қўйилган. Бундан ташқари, Корея томонининг ташаббуси билан 2018 йил 6 июнда Корея Республикасининг Ўзбекистондаги элчихонаси ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ўртасида келишилган ва имзоланган “Йўл харитаси”да ҳам худди шу тартибдаги жарима пули кўрсатиб ўтилган. Шунга мувофиқ, ўзбекистонлик фуқаролар эндиликда Кореяда нолегал юрган ҳар бир ойи учун (мақолада келтирилганидек, шартномадаги 4 йил учун эмас) 1500 АҚШ доллари миқдорида жарима тўлайди. Бу жарима пули мақолада таъкидланганидек, Агентлик “талаби” билан эмас, қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб бўйича тегишли органлар томонидан ундирилади.

Кореяда нолегал юрган ўзбекистонлик фуқароларга бундай жарима пулининг тайинланишига сабаб, нолегаллар сонининг (2018 йил 1 январь ҳолатига кўра Корея Республикасида 2577 нафар фуқаромиз ноқонуний тарзда юрибди) Кореяда ишлаш учун Ўзбекистонга бериладиган иш ўринлари квотаси ҳажмига таъсир кўрсатишидир. Яъни нолегал фуқаролар сони қанчалик кўп бўлса, ажратиладиган иш квоталари ҳам шунчалик камаяди. Бу дегани, Кореяда ноқонуний асосда юрган ўзбекистонлик фуқаролар ҳисобига, Кореяда қонуний ишлаш истагида бўлган минглаб юртдошларимиз иш ўринлари чекланмоқда. Бу эса қанчадан-қанча фуқароларимизни қонуний тартибда яхши даромад топиш имкониятидан маҳрум этмоқда. Чунки “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини Корея Республикасида иш билан таъминлаш бўйича хизматлар кўрсатиш тўғрисида шартнома”нинг 4.4 бандида “Фуқаронинг ойлик иш ҳақи миқдори Корея Республикаси ҳудудида белгиланган энг кам иш ҳақи миқдоридан кам бўлмаслиги керак” деб белгиланган. Расмий маълумотларга кўра, 2017 йилнинг ўзида Корея Республикасида энг кам иш ҳақи соатига 7530 вон (тахминан 6,8 доллар), демак, бир ойда ўртача 1 566 240 вон (тахминан 1410 доллар)ни ташкил этади. Агар буни миллий валютага ҳисобласак, 10 000 000 сўм атрофида бўлади. Фуқароларимизнинг Кореяда қонуний тартибда бундай даромад топишлари нафақат шахсий манфаатлари, балки юртимиз иқтисодиётига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Шу боис, Корея Республикасидаги фуқароларимизнинг нолегал юришларига чек қўйиш мақсадида юқорида таъкидланган жарима миқдори белгиланди.

Шунингдек, Корея томонидан аҳвол шу тарзда давом этса 1 нафар нолегал фуқаро ўрнига 2 та квота иш ўрнини қисқартириш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.

Агарда шундай ҳол рўй берса қандай ҳисоб-китобга эга бўламиз?

Биринчидан, нолегал юрган фуқаронинг ўзи манзили аниқланганда (махсус рейдлар давомида ушланганда) депортация қилинади, иккинчидан, 2 та иш ўрни қисқартирилади. Бу ҳолатда 3 нафар фуқаро 4 йилу 10 ойда ишлаб топиши мумкин даромад 261000 дан (4 йил-у 10 ой = 58 ой, жами 3х58=174 ой, ўртача иш ҳақи тахминан =1500; 174х1500 = 261000) маҳрум бўлади.

Мақолада тошкентлик Бахтиёр исмли ҳуқуқшунос (нима учундир фамилиясини айтишга истиҳола қилибди)нинг Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига эътибор қаратгани таъкидланиб, шундай дейилган: 

“Ҳуқуқшуноснинг айтишича, бир қарашда, Агентлик Кореяга кетаётган ишчи билан шартнома тузар экан, шу моддаларга (Меҳнат кодексидаги 75, 104-моддалар назарда тутиляпти) таянган ва расман қонунни бузмаган”.

Кейинги ўринларда ҳуқуқшуноснинг фикридан келиб чиқиб, Агентлик ва Кореяга ишлаш учун юбориладиган фуқаро ўртасида тузиладиган шартноманинг Меҳнат кодекси 104-моддаси (Муддатли меҳнат шартномаси муддатидан олдин бекор қилинганда неустойка тўлаш) меъёрларига мос келишини ўрганиш жоизлиги айтилган. Қуйида шу фикрга кўра сўралган масалани айнан келтирамиз:

“...шартномада “Ишчи ишга қабул қилинган кундан бир ой ўтгач, иш берувчи (ёки Миграция агентлиги) шартномани бузгудай бўлса, ишчига шартнома тузилган муддатнинг қолган қисмининг ҳар бир ойи учун 1500 доллардан неустойка тўлайди”, деганга ўхшаш гап ёзилганми?”

Аввало, фамилияси айтилмаган ҳуқуқшунос Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг фақатгина Ўзбекистон Республикасидаги иш берувчи ташкилотлар билан уларнинг ходимлар (ишчилар) ўртасидаги меҳнатга оид муносабатларни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат эканлигини, мазкур кодекс нормаларини Кореяга вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун кетаётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларига нисбатан қўллаб бўлмаслигини билиб қўйса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Агентлик билан фуқаролар ўртасида имзоланган шартномаларнинг айнан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодекси моддаларига асосан ишлаб чиқилганига сабаб эса Агентлик фуқароларни ишга қабул қилмайди, балки Корея Республикасидаги иш берувчи ташкилотга юбориш хизматини кўрсатади. Шу сабабли ҳам Агентлик билан фуқаролар ўртасида тузиладиган шартномалар ”хизмат кўрсатиш шартномалари” деб номланади. Агентлик билан ишга кетувчи ўртасида тузиладиган шартнома моҳиятини нотўғри тушунмаслик керак. 

Мақолада келтирилган 3-масалада шу жиҳат эътибордан четда қолдирилган.  Яъни, иш берувчи шартномани бузган тақдирда неустойка тўлаш-тўламаслиги иш берувчи ва ишга ёлланган фуқаро ўртасида тузиладиган шартномада кўрсатиб ўтилиши мумкин. Агентлик билан тузиладиган шартномада эса Корея Республикасига ишлашга борган ўзбекистонлик фуқаронинг шартнома муддати давомида тегишли тартиблар бўйича иш жойини 3 мартагача ўзгартириш ҳуқуқига эгалиги кўрсатиб ўтилган. 

Шу ўринда, турли ижтимоий тармоқлар ва ахборот порталларида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги фаолияти билан боғлиқ танқидий мақолаларнинг аксарияти бир ёқлама юзаки ёндашувларга асосланиб қолаётгани, холис суриштирув ишлари олиб борилмаган ҳолда,  омма эътиборини жалб этишга уринишлар бўлаётганлигини таъкидлаб ўтмоқчимиз. Хусусан, “Озодлик” порталида эълон қилинган мазкур мақола сарлавҳасининг бу тарзда номланиши ҳам ҳеч бир асосга эга эмас. 

Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тўла ишонч билан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги томонидан чет элга ишлашга юборилаётган фуқароларимиз меҳнат ҳуқуқларини ҳар доим ҳимоя қилишини ва уларнинг ишончли иш ўринлари, меҳнат шароитлари, муносиб ойлик маоши билан таъминланишида ҳар вақт масъул эканлигини билдиради.

Мавзуга оид