Жамият | 11:51 / 01.08.2018
55938
8 дақиқада ўқилади

Навоийда ўтказилган аукционда президент қарори бузилди?!

Шу йилнинг 16 мартида давлат раҳбари чорвачиликда хусусий мулкнинг устувор аҳамияти ва ўрнини таъминлаш, яйловлардан самарали фойдаланиш, чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш ва рақобатдошлигини ошириш мақсадида ПҚ-2841-сонли қарорини имзолади. “Чорвачиликда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда Бухоро, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд ва Сурхондарё вилоятларидаги қоракўлчилик қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлари)ни фермер хўжаликлари ва масъулияти чекланган жамиятлар этиб, шунингдек, чорвадорлик қишлоқ хўжалиги кооперативлари(ширкатлари)ни — фермер хўжаликлари этиб қайта ташкил қилиш маъқулланган эди.

Хўш, қарорнинг ушбу талаби жойларда қандай ижро этилди? Буни Президент қарорининг 1-иловасида қайд этилган Навоий вилояти, Навбаҳор туманидаги “Сармиш” ширкат хўжалиги мисолида таҳлил қилишга ҳаракат қиламиз.

Мазкур қарорга мувофиқ “Қоракўлчилик қишлоқ хўжалиги кооперативлари (ширкатлари)ни фермер хўжаликлари ва масъулияти чекланган жамиятлар этиб қайта ташкил қилиш тартиби тўғрисида”ги низом ҳам тасдиқланган. Ширкатларни фермер хўжаликлари ва масъулияти чекланган жамиятлари сифатида қайта ташкил этиш тартиби мазкур низомга мувофиқ амалга оширилиши лозим эди.

Бироқ, таҳририятимизга мурожаат йўллаган тадбиркор-фермерлар “Сармиш” қоракўлчилик ширкат хўжалигини фермер хўжаликларига айлантиришда низом талаблари қўпол равишда бузилганлигини баён этишган.

Биз мазкур ишни жойида ўрганиш мақсадида Навоий вилоятига сафар қилиб, Навбаҳор туманида “Сармиш” қоракўлчилик ширкат хўжалигини фермер хўжаликларига айлантиришни ташкил этиш бўйича Комиссиянинг собиқ раиси, Навбаҳор туман ҳокимининг собиқ биринчи ўринбосари Телман Адизов билан учрашдик.

Ҳамсуҳбатимизнинг қайд этишича, “Сармиш”ни фермер хўжаликларига айлантириш ва бунда тадбиркорларни фаол жалб қилиш мақсадида ўтказилган илк аукциондан сўнг машмашалар бошланган. Унинг таъкидлашича, суд биринчи ким ошди савдоси натижаларини бекор қилган.

Гап шундаки, айрим манфаатдор шахслар қоғозда “Сармиш” балансида ҳақиқатда бўлмаган рақамларни шакллантириш учун чўпонларга ёлғон гапириб, сизларга ер берилади, қўй-эчкиларингиз билан ширкат таркибига пай улуши билан аъзо бўлинглар, деган таклиф билдирган, табиийки, улар бу таклифни бажонудил қабул қилишган. Бироқ юқорига ҳисобот беришда чўпонлар пай улуши билан кирган ҳолатлари яширилган. Ким ошди савдоларидан кейин эса, чўпонлар қўй-эчкилари бировларнинг ихтиёрига ўтиб кетаётгани, пул уларнинг чўнтагига эмас, ҳокимлик ихтиёрига ўтаётганини англаб етганларидан кейин судга мурожаат қилишган ва суд маҳкамаси аукцион савдоси натижасини бекор қилган.

Бу ерда яна бир эътиборли жиҳати шундаки, кейинроқ, суд ишида ушбу кирдикорлар ошкор бўлгач, ишчи гуруҳ томонидан саналган ва қулоқларига нишон қўйилган 2 мингдан ортиқ қўй-эчки ҳам дом-дараксиз ғойиб бўлган.

Бироқ туман ҳокими Бобоназаров низом талабларига зид равишда гўёки ўтказилган такрорий аукционларнинг сохта баённомалари асосида “Сармиш” ш/х мулкини тақдим этиш бўйича қарорларга имзо чеккан. Аслида низомнинг 9-банди талаби бўйича ҳар бир лойиҳа бўйича 300 бош қўй-эчки бўлиши мажбурийлиги, суд қарори билан “Сармиш” ш/х балансида умуман қўй-эчки йўқлиги тан олингани инобатга олинса, такрорий ким ошди савдосини ўтказишнинг ўзи ноқонунийдир. Шундай экан, Комиссиянинг кимошди савдосини ўтказиш натижасига доир баённомалар ва улар асосида чиқарилган ҳоким қарорларининг ҳам ҳуқуқий тўғри экани савол остида қолади.  

Хусусан, 1-лойиҳа бўйича 400 млн. сўмга сотилган мол-мулк қўй-эчки бўлмагани учун суд қарорига биноан бекор қилинган, бу лойиҳа ҳудуди тендер орқалигина фермер хўжаликларига ижарага тақдим этилиши мумкин эди, бироқ Комиссия уни 19 млн сўмдан кўпроққа сотилди, дея расмийлаштирган, туман ҳокими ушбу баённома асосида қарор чиқарган. Табиийки, низомга қарши тузилган баённома асосида қарор чиқариб, ерни тақдим этишдан ким наф кўрмоқда, деган савол пайдо бўлади?

Умуман, мазкур ширкат хўжалигини кимошди савдоси орқали тадбиркорларга сотиш чоғида 45 та лойиҳа ташкил этилган. Ҳар бир лойиҳа бўйича керакли ҳужжатлар тузилиб, савдолар ўтказилган. Кейинчалик, айрим ким ошди савдо натижалари (суд қарори билан) бекор қилинганига қарамай, унда иштирок этганларнинг айримларига айни лойиҳалар аввалги сотилган нархидан бир неча баравар арзонга сохта баённомалар асосида расмийлаштириб берилган. Бундай ҳолатлар эса, битта эмас, бир нечта.

Лекин бошқа бир ҳолатда қонун талаби туман ҳокимлиги ёдига тушиб қолган кўринади. Яъни 2-лойиҳа 20 млн сўм эвазига “Olchin Agro Eksport MChJ”га кимошди савдоси орқали сотилган. Аммо, жиноят ишлари бўйича Навоий вилоят суди кассация ҳайъатининг қарорига кўра, асосий воситалари бўлмаган лойиҳалар бўйича ким ошди савдоси натижаси бекор қилингани инобатга олиниб, “Olchin Agro Eksport MChJ” ғолиблиги бекор қилинган.

Ҳақли савол туғилади: 33та қўйи бор талабгорга ер майдони тақдим этилаётган бир вақтда, 2100та қўй-эчкиси бор тадбиркордан ер нима асосда тортиб олинмоқда?

Бу хусусда биз туман ҳокимлигига бориб, тегишли мутасаддилардан изоҳ сўрадик. Афсуски, туман ҳокимлиги ходимлари бирор ҳужжат ёки маълумот тақдим этишни очиқ-ойдин истамади, бизни қизиқтираётган саволга ҳокимнинг қишлоқ хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари жавоб бера олишини айтиш билан чекланишди. Туман ҳоким ўринбосари (в.в.б) Нурали Худойқулов эса бу лавозимда янги эканини, бу ишлар унгача бўлганини таъкидлаб,  “Сармиш” билан боғлиқ бирор ҳужжатларга эга эмаслигини билдирди.

Бундан ташқари, “Сармиш”ни сотиш бўйича Комиссия раиси ҳам бир неча марта ўзгарган. Телман Адизовдан кейин туман статистика бўлими бошлиғи Йўлдош Мустафоев, у ҳам ишдан олинганидан сўнг, ҳоким ўринбосари Фахриддин Ражабов Комиссия раиси вазифасини бажарганлиги маълум қилинди. Афсуски, уларнинг ҳеч бири билан, улар мулоқотни истамаганлари учун суҳбатлаша олмадик.

Бундан ташқари, Низомнинг 13- ва 31-бандлари талаблари, яъни тўлов ва уни амалга ошириш тартиби бузилган. Унга кўра, аукцион ғолиби ғолиблик суммасининг 90 фоизини 30 кун мобайнида тўламаса, закалат пуллари кайтарилмаган ҳолда, кимошди савдосининг натижаси бекор килиниши шарт бўлса-да, амалда бундай қилинмаган.

Хуллас, “Сармиш” бўйича гапирса, гап кўп. Шу ўринда бир савол туғилади, нима учун туман ва вилоят прокуратураси томонидан бу каби қонунбузарликларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмаган?

Агар ушбу ҳолатларга юқори турувчи идоралар эътибор бермаса, ёпиғлиқ қозон ёпиқлигича қолиб, “Сармиш” ширкат хўжалиги балансида бўлган 2 минг бошдан ортиқ қўй-эчки сунъий равишда кўрсатилган 15 минг қўй-эчки билан бирга “бедарак ғойиб” бўлаверадими? Бундан ташқари, фермерлар ва МЧЖларнинг ҳуқуқлари бузилиши давом этадими? Бу саволлар учун ким жавоб беради?

Умид қиламизки, юқорида қайд этилган муаммо ваколатли органлар томонидан жиддий ўрганиб чиқилиб, айбдорлар топилади ва адолатли қарор қабул қилинади.

Толиб Раҳматов, Муҳаммаджон Ғаниев,
Kun
.uz
 мухбирлари

Мавзуга оид