Жамият | 19:55 / 01.08.2018
14565
3 дақиқада ўқилади

Тошкентдаги «Муҳаммад Исмоил» масжиди нега қаровсиз ҳолда?

KUN.UZ таҳририятига жойлардан турли мурожаатлар келиб тушмоқда. Улардан бири диққатимизни тортди. Тошкент шаҳар, Шайхонтоҳур тумани, «Зафаробод» маҳалласи, Генерал Узоқов кўчаси, 60-Б уйда «Муҳаммад Исмоил» номли масжид жойлашган. Ёши улуғ мурожаатчилар масжид анча вақтдан бери қаровсиз ҳолда ётганлиги, биноси эса цехга  айлантирилганлигини айтишди.

Ижодий гуруҳимиз билан мазкур масжидни кўздан кечирдик ва нима учун масжид анча вақтдан буён қаровсиз ётганлигини суриштирдик.

Масжиднинг очилишига бош-қош бўлиб, ҳужжатларини кўтариб юрган отахоннинг таъкидлашича, бир вақтлар ҳукумат «Зафаробод» маҳалласи ҳудудида яшовчи отахонларнинг илтимос ва истакларини инобатга олган ва 6 сотих ер масжид учун ажратилган экан. Ажратилган ерда масжид қурилиши 1994 йилдан бошланиб 2000 йил тугалланган. Масжид ҳашар йўли билан барпо этилган. 2006 йил ушбу масжид ҳужжатлари тўлиқ бўлмаганлиги сабабли ёпиб қўйилган. Шундан сўнг, маҳалла фаоллари, номозхонлар шаҳар ҳокимиятига, тегишли ташкилотларга мурожаат қилган. Лекин ўша вақтда аниқ жавоб ололмаганлигини таъкидлашди. 

Кўздан кечириш жараёнида масжид кўчага яқин, ҳаракатланишга қулай жойда жойлашганлигининг гувоҳи бўлдик. Масжиднинг ичига кирганимизда ички қисми анча вақтдан бери қаровсиз бўлганлиги сабабли бетартиб бўлиб кетган. Таҳоратхоналари яроқсиз ҳолатга келиб қолган экан.

«Бизга масжид эртароқ очилса, бизку ёшроқмиз ёши улуғ намозхонларимиз узоққа боришга қийналишмоқда. Масжид қайта очилади дейишганди. Очилиши чўзилиб кетди. Агар рухсат беришса, ўзимиз ҳам ҳашар йўли билан бўлса-да таъмирлардик. 

Ҳозирда бу масжид шаҳар ҳокимининг қарори билан бир тадбиркорга берилибди. Шу қарор бўйича бизлар қидириб-қидириб, тадбиркорнинг ўзини топдик. Нима ҳаракат деб сўраганимизда у киши мен бу ерда масжид қураман деди. Бир, бир ярим ойларда ишни бошлайман деди. Лекин мана тўрт ярим ой бўлди, ҳалигача бошланмади», - деди мурожаатчилар.

Биз мусулмонлар идорасининг масжидлар бўйича шуғулланувчи бўлими билан боғландик. 

«Биз бу масжидни очилиши керак бўлган масжидлар рўйхатига киритиб қўйганмиз, лекин ҳали мусулмонлар идорасидан расмий  рухсат бўлмаяпти,» - деб жавоб беришди. Лекин масжид қачон очилиши ва фойдаланишга қачон руҳсат  берилиши ҳақида аниқ маълумот берилмади.

Барча ислоҳотлар инсон фаровонлиги учун, халқ розилиги барчасидан устун туради. Шу ва шунга ўхшаш фикрлар онгимизни эгаллади десак муболаға бўлмайди. Энди амалиётга ўтиш даври келди. Фикримизча, узоқ йиллар давомида давлат рўйхатидан ўтказиш ишлари чўзилиб келаётган масжид ҳам давлат рўйхатидан ўтказилиши керак. У қайта таъмирдан ўтказилиб, талабгорларга топширилиши лозим. Кўп йиллар давомида йўловчи масжид ёки жоме масжид сифатида халқимизга, нуроний отахонларимизга хизмат қилса оқилона сиёсатимиз бардавом бўлар эди.

Зафар Солижонов
Тайёрлаган Зафар Солижонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид