Спорт | 18:27 / 02.08.2018
10346
2 дақиқада ўқилади

Эктор Купер ёрдамчиларини ўзи билан бирга олиб келади

6 август куни Ўзбекистон миллий терма жамоасининг янги бош мураббийи Эктор Купер расман таништирилади. ЎФА расмий сайти хабарига кўра, у Ўзбекистонга 3 нафар ёрдамчиси билан ташриф буюради. 

Эктор Купер олдига 2019 йилнинг январь ойида ўтказиладиган Осиё кубогида муваффақиятли иштирок этиш ва 2022 йилда Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон кубоги йўлланмасини қўлга киритиш вазифаси қўйилган. Ўзбекистон учун 2022 йилги мундиал илк мундиалга айланиши мумкин. Шундай экан, у билан камида 4 йиллик шартнома тузилиши аниқ.

Маълумот учун, Осиё кубоги гуруҳ босқичига қуръа ташланган бўлиб, Ўзбекистон «F» гуруҳида Япония, Уммон ва Туркманистон терма жамоаларига қарши ўйнайди.

Айни вақтда 62 ёшда бўлган аргентиналик мутахассисга бу лавозимда 56 ёшли ватандоши Хосе Карлос Фантагуцци ва 37 ёшли грециялик Антонио Сариоглу ассистентлик қилишади. 36 ёшли мисрлик Маҳмуд Фаёз Муҳаммад Шудаф жисмоний тайёргарлик бўйича ёрдамчи бўлади.

Эктор Купер фақат миллий терма жамоа билан чекланиб қолмасдан, барча ёшдаги терма жамоалар билан параллел равишда иш олиб бориши, улардаги миллий терма жамоага номзод футболчиларнинг жисмоний ва руҳий ҳолатидан мунтазам хабардор бўлиши ҳам белгиланган.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид