14:29 / 02.08.2018
59016

Эркинжон Турдимовда 3 нафар янги ўринбосар, собиқлар ўрнига Зойир Мирзаев давридаги амалдорлар қайтарилди

Фото: Facebook/Эркинжон Турдимов

Самарқанд вилоят ҳокими вазифасини бажарувчи Эркинжон Турдимовнинг 2018 йил 1 августдаги қарорига мувофиқ вилоят ҳокимининг янги 3 нафар ўринбосари тайинланди.

Шу пайтгача вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари вазифасида ишлаб келаётган Камолиддин Қурбонов ўрнига Абдумажид Алибекович Нурқулов ҳоким ўринбосари вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Қурбонов 2017 йилдан буён Самарқанд вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари – Қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бошлиғи вазифасида ишлаб келаётганди. Унинг ўрнига келган Абдумажид Нурқулов Самарқанд вилоятининг 2010-2016 йиллардаги ҳокими, айни вақтда бош вазир ўринбосари бўлган Зойир Тойирович Мирзаев даврида айни шу лавозимда ишлаганди.

1 августга қадар Самарқанд вилояти ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келган Мунис Восеев ўрнида эндиликда Ботиржон Ўткирович Нуруллаев фаолият кўрсатади. Восеев 2016 йил 16 майдан буён Самарқанд вилояти ҳокимининг туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари вазифасида ишлаб келаётганди. Ботиржон Нуруллаев 1969 йилда Тошкентда туғилган, 1990-1993 йилларда Самарқанд шаҳридаги «Агропромбанк»да турли лавозимларда ишлаган, 1993 йилда «Пахта банк»нинг Самарқанд вилояти бўлими бошлиғи бўлган, 1995-2001 йилларда «Замин» банкининг Самарқанд вилояти филиали бошлиғи бўлган, 2001 йилдан Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий фаолият Миллий банкида ишлай бошлаган, 2003 йилда шу банкда раис ўринбосари бўлган. Унинг кейинги фаолияти ҳақида маълумотлар йўқ.

Шунингдек, Самарқанд вилояти собиқ ҳокими ​​Туробжон Жўраевга нисбатан очилган жиноий иш иштирокчиларидан бири, Самарқанд вилояти ҳокимининг Саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникация ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари Ўткир Абдуллаев ишдан кетган. У 13 июль куни йирик миқдордаги порахўрлик иши бўйича қўлга олинганлар орасида бўлган, 14 июль куни эса унга қўлланилган қамоққа олиш эҳтиёт чораси муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисидаги тилхатга ўзгартирилгани муносабати билан ишга қайтганди.

Кейинроқ Ўткир Абдуллаев барибир ўз аризасига кўра вазифасидан озод этилган. Эндиликда, унинг ўрнида вилоят ҳокимнинг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалик масалалари бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчиси этиб Акмал Ғайратович Шукуров тайинланган. Акмал Шукуров Зойир Мирзаев ҳокимлиги даврида «Қишлоқ қурилиш инвест» инжиниринг компанияси Самарқанд вилояти филиалига раҳбарлик қилган.

Эслатиб ўтамиз, 13 июль куни Самарқанд вилояти ҳокими Туробжон Жўраев мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш ва жиноий ҳаракатларни амалга оширганлиги учун вазифасидан озод қилинганди. Ҳокимиятда кўп квартирали уйларни қуришга рухсат бериш ва тадбиркорларга турар жой объектлар қурилиши учун ер майдонларини ажратишда пора тизими амалда бўлган.

Вилоятга 13 июль куниёқ Сурхондарё вилояти ҳокими собиқ ҳокими Эркинжон Турдимов янги раҳбар этиб тайинланди.

Айни вақтда собиқ ҳоким давридаги ўринбосарларнинг 5 нафари ишда қолмоқда. Булар Самарқанд вилояти ҳокимининг иқтисодиёт ва тадбиркорлик масалалари бўйича биринчи ўринбосари - Шунқор Фармонович Худайбердиев (2016 йил 4 ноябридан буён лавозимда), Самарқанд вилояти ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари - Отабек Бурханович Бабаев (2018 йил 1 февралидан буён лавозимда), Самарқанд вилояти ҳокимининг жамоат ва диний ташкилотлар билан ишлаш бўйича ўринбосари - Шуҳрат Дўсмуродович Қулматов (2011 йилдан буён лавозимда), Самарқанд вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари - Рустам Ражаббоевич Қобилов (2018 йил апрелидан буён лавозимда) ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси - Ҳамротош Нормуродовна Шодиева (2018 йил 27 апрелдан буён лавозимда)дир.

Top