Ўзбекистон | 11:26 / 03.08.2018
7736
4 дақиқада ўқилади

“Банкротлик тўғрисида”ги қонунни “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонун деб номлаш таклиф этилди

Фото: Pixabay

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида “Банкротлик тўғрисида”ги Қонунни “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги қонун деб номлаш ҳақида петиция пайдо бўлди.

Қайд этилишича, банкротлик суднинг ҳал қилув қарори билан банкрот деб топилган қарздорнинг ҳуқуқий ҳолатини англатади. Қонун эса қарздорнинг банкрот бўлишидан олдинги муносабатларни ҳам тартибга солади. Кредиторлар талабларини қаноатлантиришда “банкротлик” тушунчасига устунлик берилиши ва унинг тўловга қобилиятсизлик билан боғлиқ барча муносабатларга нисбатан татбиқ этилиши мақсадга мувофиқ эмас. Бу ҳолат, қонунчиликнинг фақат қарздорни банкрот қилишга қаратилган, деган тасаввур уйғотади ва қарздорни соғломлаштириш орқали кредиторлар талабларини қаноатлантириш имкониятини пасайтиради. 

“Тўловга қобилиятсизлик” тушунчаси қарздорнинг кредиторлар талабларини бажара олмаслик ҳолатини билдиради. Тўловга қобилиятсизлик ҳолати иш қўзғатилишидан олдин пайдо бўлади ва бу ҳолат қарздор банкрот деб топилиб, давлат рўйхатидан чиқарилгунча ёки қарздорнинг тўлов қобилияти тиклангунича сақланиб туради. Кузатув, суд санацияси, ташқи бошқарув ва тугатишга доир иш юритиш таомиллари қарздорнинг тўловга қобилиятсизлиги натижасида қўлланилади, қарздорнинг банкротлиги натижасида эмас. Банкрот деб топилган барча қарздорлар тўловга қобилиятсиз ҳисобланса, тўловга қобилиятсиз қарздорларнинг барчаси ҳам банкрот деб топилмаслиги мумкин, дейилади мурожаатда.

Германия қонунчилигига кўра, “тўловга қобилиятсизлик” атамасига устунлик берилади. “Тўловга қобилиятсизлик” атамаси “банкротлик” тушунчасидан кенгроқ мазмунга эга бўлганлиги сабабли, қонун номида, судда кўриладиган ишнинг номида, тегишли ваколатли орган номида “тўловга қобилиятсизлик” сўзларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, айрим давлатлар (Япония, Корея, Норвегия, Финляндия, Қозоғистон) қонунчилигига кўра, тўловга қобилиятсизликни бартараф қилиш бўйича судда икки хил иш кўрилади: банкротлик тўғрисидаги иш ва реабилитация тўғрисидаги иш. Бу ҳолатда “тўловга қобилиятсизлик” тушунчасига устунлик бериш талаб этилмайди, чунки банкротлик ва реабилитацияни ўз ичига олувчи умумий тушунчадан фойдаланишга эҳтиёж йўқ. 

Германия, АҚШ, Россия, Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, судда ягона иш доирасида турли таомиллар (масалан, суд санацияси, тугатишга доир иш юритиш) қўлланилади, махсус қонунларнинг тузилиши ҳам шунга мос равишда ишлаб чиқилган. Ушбу вазиятда “тўловга қобилиятсизлик” тушунчасидан фойдаланиш талаб этилади. “Ночор” сўзи адабий термин ҳисобланиб, кўпроқ камбағал, бечора кишиларга нисбатан қўлланилади. МДҲ давлатлари адабиётларида қўлланиладиган “несостоятельность” сўзи тўғридан-тўғри “ночорлик” деб таржима қилинмайди, бу сўз луғатларда “қарзни тўлай олмаслик” деб кўрсатилади. “Қарзни тўлай олмаслик” сўзлари “тўловга қобилиятсизлик” тушунчасига яқинроқ. “Ночорлик” сўзи ҳам ўз навбатида рус тилига “несостоятельность” деб таржима қилинмайди, деб ёзади петиция муаллифи. 

““Тўловга қобилиятсизлик” атамаси “банкротлик” тушунчасидан кенгроқ мазмунга эга бўлганлиги сабабли, қонун номида, судда кўриладиган ишнинг номида, тегишли ваколатли орган номида “тўловга қобилиятсизлик” сўзларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқ”, - дейилади мурожаатда.

Мавзуга оид