Жаҳон | 22:31 / 06.08.2018
18450
4 дақиқада ўқилади

Бу юз берди: АҚШ Эронга қарши санкцияларни «жонлантирмоқда»

Фото: Fotolia

АҚШ ҳукумати Эрон ядро дастури бўйича барбод бўлган келишувлардан сўнг президент томонидан имзоланган санкциялар пакетини ишга туширишга қарор қилди. 7 август куни АҚШ биринчи қадамни ташлаши кутилмоқда. Бу ҳақда Оқ уй маълумот тарқатган. 

 «Дональд Трамп имзолаган қарорга кўра, расмий Теҳрон билан савдо муносабатларида чекловлар жорий этилади, Эрон миллий валютаси ва ташқи қарзи бўйича амалиётлар, шунингдек Эрон ҳукуматига долларни сотиш бўйича тақиқ қўйилади», дейилади расмий хабарда. 

Барчаси нимадан бошланди? 

2016 йили АҚШ президенти этиб сайланган Дональд Трамп тез орада ташқи сиёсатда катта бурилиш ясай олди. Ўша пайтда АҚШнинг БМТдаги собиқ доимий вакили Жон Болтон Яқин шарқ минтақасида узоқ муддатли хавфсизликни таъминлаш омилини билдирганди. Унга кўра, Қўшма Штатлар Эрон тузумини ўзгартириш ғоясини қўллаб-қувватлаши, айни мақсадга хизмат қилади.

«Оятуллолар Яқин шарқдаги тинчлик ва халқаро хавфсизликка асосий таҳдидлардир. Албатта, уларнинг ҳокимиятдан четлаштирилиши минтақага ёруғлик ва тотли ҳаёт тақдим этмайди, аммо асосий хавфга барҳам беради», — деган Болтон. 

Ўтган ёзда Жон Болтонга кўпчилик қанотлари қайрилган, оёқларига тушов тушган лочин каби қарарди. АҚШнинг БМТдаги собиқ элчиси, Ироқ кампаниясининг ашаддий хайрихоҳи сифатида танилган америкалик мутахассис, бироз олдин президент Дональд Трампга махсус тайёрланган маълумотларни етказа олмаганидан нолиб юрганди.

Бироқ, оҳ-войларга хожат йўқ: у 9 апрелдан бошлаб АҚШ президентининг Миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси сифатида иш бошлади. Яъни Эрон бўйича эришилган келишувлар бекор бўлиши Яқин Шарқ, Эрон ва унинг иттифоқчилари, ҳатто АҚШ учун ҳам реал ҳақиқатга айланаёзганди. 

Жаноб Трамп узоқ вақтдан буён «Умумий қўшма тадбирлар режаси» (JCPOA) номи билан аталган келишувдан нафратланиши очиқ баён қилади. Шунга қарамай, 120 кун давомида ҳар куни президент киритилган санкцияларни мажбуран қолдириш учун имзо чекди, шунинг учун ҳам айрим америкаликлар Эрон ядро дастури бўйича келишувдан воз кечиш ички сиёсатда ҳам катта бурилиш ясаб юборишини яхши англайди. Вазият энди ўзгарди. 

Шу йилнинг 13 март куни Рекс Тиллерсон ўрнини эгаллаган МРБ собиқ раҳбари, айни пайтда Давлат котибига айланган Майк Помпеога кўра,  Қўшма Штатлар Эронга қарши санкцияларни Теҳрон ўз сиёсатини кескин ўзгартирмагунга қадар сақлаб қолади.

Эроннинг ядро дастуридан воз кечиши нега заруриятга айланди?

Ҳозирги пайтда Америка етакчиси Эронни «нормал мамлакат каби ўзини тутишга» мажбур қилмоқчи. Бу якка ҳодиса эмас:  АҚШ Россиянинг Қрим устидан ҳукмронлигига чек қўйилишини талаб қилган пайтлари ҳам бўлди, санкциялар киритди. Ҳанузгача Россия бу талабни бажармайди. 

АҚШ Форс кўрфазидаги вазиятга бепарво бўлиши ҳам мумкин, минтақада Исроил омилини ҳисобга олмасак, Эроннинг ядрони бойитиш дастури тўғридан-тўғри таҳдидни келтириб чиқармайди, балки кучлар мувозанатининг ўзгаришига сабабчи бўлади. Мана шу ўзгариш ҳам АҚШнинг ташқи сиёсатида пайдо бўлган таҳдид сифатида кўрилиши мумкин.

Санкциядан ким фойда кўради? 

Албатта, зарар кўрган Эрон, қисман АҚШ бўлиши мумкин. Атрофдаги барча ўйинчилар эса вазиятдан фойда қидиради: Эрон автосаноатига киритилаётган тақиқлар аслида Ўзбекистон учун қулай вазиятни пайдо қилади. Аммо, Эроннинг мева-сабзавотлари, озиқ-овқат саноати катта зарарга кириши турган гап. 

Беш пунктдан иборат санкциялар пакетининг қолган қисми 5 ноябрга қадар ишга тушади, деб ваъда бермоқда Оқ уй. Хуллас, Обама эришган тинчлик шартлари жаҳон ҳамжамияти кўз олдида барбод бўлмоқда. ​

Мавзуга оид