Спорт | 18:13 / 06.08.2018
16441
3 дақиқада ўқилади

Эктор Купер: «Агар натижага эришишимга ишонмаганимда, бу ишга қўл урмасдим»

Фото: Маъруф Асқаров / TRIBUNA.UZ

Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Эктор Купер ўзининг илк матбуот анжуманида қисқа муддат ичида йирик натижаларга эришиб бўлмаслигини таъкидлаган ҳолда, терма жамоани муваффақиятли бошқара олишига мураббий сифатида қатъий ишонишини ҳам айтиб ўтди.

«Биринчи қадам – танишув. Ҳаммасини секин-аста, қисқа, лекин ишончли қадамлар билан бошлаймиз. Қисқа вақт ичида мўъжизалар кутиш ярамайди. Олдинги ишлаган жойларимда ҳам айтганман: мен оддий мураббийман», - деди Купер.

Матбуот анжуманидан олдинроқ ЎФА 1-вице президенти Умид Аҳмаджонов мураббий билан учрашиб, унинг олдига Қатар-2022 мундиалига йўл олиш билан бирга Токио олимпиадаси йўлланмаси ҳам вазифа қилиб қўйилганини маълум қилганди. Кўпчиликни қизиқтираётган ушбу масала, яъни мураббийнинг турли ёш тоифасидаги терма жамоалар билан қай даражада боғлиқлиги ҳақидаги саволга аргентиналик мутахассис қуйидагича жавоб берди:

«Мен биринчи навбатда миллий терма жамоага жавобгарман. Олимпия термаси фаолиятини кузатиб боришим мумкин, лекин унинг натижалари учун жавоб бермайман. Осиё кубоги, Жаҳон чемпионати саралаши мусобақалари мен учун устувор вазифалардир.

Турли ёш тоифаларидаги терма жамоаларни, шу жумладан олимпия терма жамоасини ҳам фақат кузатиб боришим мумкин холос».

Эктор Купердан ўзининг узоқ муддатли дастурга эга ёки эга эмаслиги ҳақида ҳам сўрашди.

«Барча мураббийларнинг ҳам ўз дастури бўлади. Ҳозир катта дастур ёки лойиҳам борлиги ҳақида гапиришим ҳам мумкин, лекин мен қисқа, секин ва аниқ ўйланган кичик қадамларни қўйишдан бошлашни маъқул деб ҳисоблайман. Катта дастурни эълон қилгандан кўра мен шуни афзал биламан», - деди Эктор Купер.

62 ёшли тажрибали мураббий Ўзбекистон терма жамоасини муваффақиятли бошқара олишига қатъий ишонишини ҳам таъкидлаб ўтди.

«Албатта, мотивация ва умидлар бор... Ишонганим учун ҳам шу ишга қўл уряпман. Агар шу жамоа билан натижага эриша олишимга ишончим бўлмаганида эди, бу ишни қилмасдим», - деб айтди терма жамоанинг янги бош мураббийи.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоасида Купердан ташқари унинг ҳамюрти Хосе Карлос Фантагуцци ва грециялик Антонио Сариоглу ёрдамчи мураббий, мисрлик Маҳмуд Фаёз Муҳаммад Шудаф жисмоний тайёргарлик бўйича ассистент бўлиб ишлайди.

Мавзуга оид