Ўзбекистон | 12:37 / 06.08.2018
75447
2 дақиқада ўқилади

Жалолиддин Мангуберди қандай ҳалок бўлган эди?

Тарихни ҳаққоний англаш осон иш эмас. Мозийдан дарак берадиган манбаларнинг қай бири саҳиҳ, қай бири ёлғонлигини ажратиш ҳам қудуқ тубидан игнани топишдек гап. Шу боис ҳам тарихнавислар ўз кўзи билан кўрмаган воқеалар тасвиридан сўнг “Билим Аллоҳга хосдир” дейишади. Шундай бўлса-да, тарих лабиринти аро ҳақиқатни танлай билан зукко китобхоннинг ихтиёрида қолади.

Бугун ёш авлод учун қаҳрамонлик тимсоли бўлган жасоратли аждодимиз Жалолиддин Мангубердининг ўлими ҳақида ҳам турлича қарашлар бор. Бу ҳақда маърифатпарвар подшоҳ, фалакиётшунос олим Мирзо Улуғбек ўзининг “Тўрт улус тарихи” китобида шундай ёзади: “Тарих арбоблари султон Жалолуддин ибн султон Муҳаммад Хоразмшоҳнинг молу ҳоли ҳақида қарама-қарши фикр билдирдилар. Чунончи, баъзиларнинг сўзича, мўғуллар қўлида қатл этилган. Баъзиларнинг фикрича, султон Жалолуддин мўғуллардан қочиб, тоғлар орасига келган ва отда кўп юргани учун қаттиқ чарчаган, отдан тушиб тоғ орасида уйқуга кетган. Бир гуруҳ одамлар от ва султон хилъати таъмасида уйқудаги Жалолуддинни ҳалок қилганлар. Бошқаларнинг ривоят қилишларича, султон тасаввуф аҳлининг либосини кийиб, саёҳатни ихтиёр қилган. Худо билгувчироқ!”.

Жалолиддин Мангуберди гарчи жангда мағлуб бўлган бўлсада, маънан ғолиб бўлганини ҳатто Чингизхон ҳам тан олгани эса тарихий ҳақиқатдир. Бу ҳақда Мирзо Улуғбек шундай ёзади: “Султоннинг барча феълу ҳаракати Чингизхонга манзур бўлиб, таҳсин оғзини очиб, ўғилларига юзланди ва деди:

— Отага шундай ўғил зарурки, у икки гирдоб — олов ва сув гирдобидан озодлик майдонига чиқа олди!

Бу султондан кўп ишлар ва ҳисобсиз қиссалар вужудга келди ва унинг ишларидан ҳар қандай оқил ўғил ғофил қолмаслиги керак!

Мавзуга оид