Light | 10:47 / 07.08.2018
7476
7 дақиқада ўқилади

Ломографиянинг 10 олтин қоидаси

1991 йилда Вена шаҳридан бўлган талабалар гуруҳи Прага фотоаппаратлар дўконидан арзон “ЛОМО Компакт-Автомат” фотоаппаратини харид қилишди. Улар орасида рақамли технологиялар даврида аналог камералар ва плёнкаларни сотадиган Lomography компанияси асосчилари - Салли Бибэви ва Маттиас Фигель ҳам бор эди.

“ЛОМО Компакт-Автомат” камераси ўша вақтда машҳур эмасди. Эсдалик учун бир неча фотоаппаратни олиб, талабалар Венага қайтишди. Уйда Бибэви ва Фигель камералар ғаройиб, яъни сифати паст, яроқсиз суратлар олишини сезиб қолишди. Камеранинг ён тарафидан ёруғлик тушгани учун плёнканинг баъзи қисмлари ўзгача кўриниш касб этар, баъзида суратларда ғалати, ноодатий тутун эффекти пайдо бўларди.

Фото: Lomography

Бибэви ва Фигелнинг сўзларига кўра, улар бундай камерани айни вақтда топиб олишди. Суратларни “пайдо қилиш” ўша пайтда арзон эди ва деярли ҳар бир одам бундай фотоаппаратни сотиб олиши мумкин эди. Бироқ фотографияда муайян қоидалар мавжуд бўлган: кадр композициясини тўғри қўйиш, эҳтиёткорлик билан суратга олиш ва суратни пайдо қилиш вақтида оқариб қолган жойлар ва бошқа камчиликларга эга суратларни ташлаб юбориш.

Бибэви ва Фигель бу қоидадан халос бўлишни исташди. Улар Ломографик жамият яратишди – ном ўша ғаройиб камера шарафига қўйилди. Жамият томонидан муаллифи кўрсатилмаган “яроқсиз” суратлар иштирокидаги кўргазмалар ўтказиларди. Бундай ёндашувни Фигель “демократик” деб номларди. Янги йўналиш яратувчилари одамларнинг фотографияга нисбатан муносабатини ўзгартириб, у билан нафақат профессионаллар, балки барча шуғулланиши, ўзи билан фотоаппарат олиб юриш кераклиги ва олган суратларидан мамнун бўлишни исботламоқчи эдилар. Ломография ўзини сураткаш санаганлар учун эмас, камераси бор ҳар қандай одам учун мўлжалланганди.

– Ўша вақтларда одамлар йилига фотоплёнканинг бир ярим кассетасини сарфлашарди – суратларни фақат туғилган кун ва Янги йил кечасида  олишган, - дея ҳикоя қилади Бибэви. – Биз эса умуман бошқача йўл тутишни таклиф этдик: одамларга фотоаппаратни доим ўзлари билан олиб юришлари ва ҳамма жойда суратга тушишни айтардик.

Қизиғи фотография қоидаларидан халос бўлишни истаган жамиятнинг ҳам ўз қоидалари бор эди. Ломографиянинг “10 та олтин қоидаси” мана бундай:

  1. Камерани доим ўзинг билан олиб юр.
  2. Ундан доим – кундуз куни ҳам, тунда ҳам фойдалан.
  3. Ломография ҳаётингга халақит қилиши эмас, унинг бир қисмига айланиши керак.
  4. Ломографик қизиқиш уйғотган объектга максимал даражада яқин кел.
  5. Ўйлама.
  6. Тезкорлик билан ҳаракат қил.
  7. Плёнкада нима пайдо бўлишини олдиндан билишинг керак.
  8. Худди пайдо бўлганидан кейин каби.
  9. Ҳеч қандай қоидалар ҳақида ўйлама.

 

Одатда фотография билан шуғулланиш осон эмас: фотоаппаратлар қиммат бўлади, яна линзалар нархини ҳам ҳисобга олиш лозим. Бироқ суратга олишнинг бу усули нархи қиммат бўлмаган камерага эга бўлганлар учун арзон ва ҳаммабоп эди. Нимадандир хавотир олиш ҳам шарт эмас.

– Айнан биз одамларга фокуссиз сурат жуда чиройли бўлишини айтдик, - дейди Бибэви. – Ёруғлик сабаб хира тушган суратлар яроқсиз ҳисобланарди. Бироқ бундай суратлар чиройлилигини, кутилмаган элементлар сабаб қадрлироқ эканини тушунтира бошладик.

Фото: Lomography

Жуфтликнинг сўзларига қараганда, уларнинг ҳаракати хато қилиб қўйишдан қўрқиб аввал фотография билан шуғулланишга жазм қилолмаётганларда иштиёқ уйғотди. Худди ҳозирда смартфони бор ҳар қандай одам ўзини сураткаш демаган ҳолда ва махсус таълимсиз ўз ҳаётини суратга олиши мумкинлиги каби.

Ломографик жамият услублари одамларда қизиқиш уйғотди, камерага бўлган талаб эса ортди. Жамият Санкт-Петербургдаги “ЛОМО” заводи билан фотоаппаратларни етказиб беришга шартнома тузди. СССР қулаганидан сўнг фабрика молиявий қийинчиликларга дуч келди, бироқ камераларни ишлаб чиқаришда давом этди. Бироз вақт ўтгач, аниқроғи 2000-йилларнинг бошида ишлаб чиқариш Хитойдаги фабрикага ўтказилди.

Тез орада бизнес халқаро тус олди, Lomography дўконлари Гонконг ва Нью-Йорк каби шаҳарларда пайдо бўлди. Ассортимент ҳам кенгайди. Эндиликда компания нафақат “Ломо-Автомат” оригинал фотоаппарати, балки турли 35 миллиметрли камералар, 120 типдаги фотоплёнкаларни сотарди ва ҳатто 110 форматдаги плёнканинг ўтмишдаги оммавийлигини қайтара олди. Фирма видеокамералар, бир зумда сурат чиқарадиган фотоаппаратлар ва нуқтали диаграммали камераларни ишлаб чиқариш билан шуғулланарди. Баъзи маҳсулотлар Urban Outfitters кийим дўконларида ҳам сотиларди.

Фото: Lomography

Рақамли технологиялар пайдо бўлиши билан плёнкали фотография бир қатор ютуқ ва муваффақиятсизликларни бошдан кечирди. “У ўтмишга айланади” деган фикрлар ҳам бўлди. Бироқ ломография “омон қолди”.

Аналог фотография билан шуғулланадиган бошқа компаниялар ёпилишни бошлагач, Lomography асосчилари бундай суратларни яратишга оид билимларни сақлаш кераклигини англашди. Бундай қатъийлик ўзини оқлади, ахир сўнгги вақтларда фотоплёнка иккинчи умрга эга бўлмоқда.

Фото: Lomography

Фотоплёнка урфи ёш авлодга нима учун қайтаётгани у қадар тушунарли эмас. Бибэви ва Фигель буни плёнка ёшлар учун янги ва аввал маълум бўлмаган нарса сифатида қабул қилинмоқда дея тушунтирди. “Ҳозирда у кутилмаган совға эффектини олиб келяпти, - дейди Бибэви.  – Одамлар жуда қизиқувчан. Айнан қизиқувчанлик одамни янги бирор нима харид қилишга ундайди”.

Кундалик ҳаётда олинган суратлар билан ўртоқлашиш имконияти – ижтимоий тармоқларнинг муҳим бир қисми. Instagram’да аналог даврни эсга солувчи кўплаб фильтрлар мавжуд. Масалан, улардан бири илгари Lomo-fi деб аталади.

Ҳозирда компания фотопленканинг ортга қайтган оммавийлиги оқимида ишламоқда. “Бу тренд эмас, - дейди Бибэви. – Илгари ҳамма аналог фотография йўқолиб кетади деб ўйлашарди, ҳозир эса у бор-йўғи ўз ўрнини эгаллашини тушунишмоқда”.

Мавзуга оид