Спорт | 17:35 / 08.08.2018
36215
14 дақиқада ўқилади

АПЛ бошланишига 2 кун: Кимда имконият қандай?

Икки кундан сўнг, 10 август оқшомида «Манчестер Юнайтед» – «Лестер» ўйини билан Англияда янги мавсум бошланади. Бу сафарги стартнинг аввалгиларидан фарқи шундаки, айнан мавсум бошланиши билан трансферлар ойнаси ҳам ёпилади. Яъни, шу кундан кейин жамоалар ўз таркибларига янги футболчи қўшиб ололмайди. Кимдир бошқа лигаларга кетиши мумкин, албатта.

Эътиборингизга, АПЛ фаворитларининг бугунги ҳолати ва имкониятлари ҳақида баъзи мулоҳазаларни ҳавола қиламиз.

МАНЧЕСТЕР СИТИ

Фото: © globallookpress

Пеп Гвардиола жамоасининг ўтган мавсумдаги устунлигидан келиб чиқсак, янги мавсум олдидан асосий вазифа таркибни трансферлар ҳисобига кучайтириш эмас, белгиланган йўналишда янада такомиллашиш экани сир эмас.

Шу туфайли жамоа трансфер бозорида у қадар фаол бўлмади. Аслида қишда амалга ошиши кутилган трансфер якунига етказилди холос. «Лестер» етакчиси Риёз Маҳрез 67.8 миллион еврога сотиб олинди. Маҳрезнинг келиши «Манчестер Сити»да шундоғам катта бўлган ҳужумкор футболчилар ансамблини кенгайтирди. Сане, Кевин Де Брюйне, икки Сильва, Стерлинг, Маҳрез, Агуэро, Жезус.. Бу биз билганларимиз. Бундан ташқари, Гвардиола назорат ўйинларида яхши таассурот қолдирган Диас ва Фоденни ҳам энди ўйинларга кўпроқ жалб қилиши мумкин. Ўтган мавсумни тўлиқ жароҳат билан ўтказиб юборган жаҳон чемпиони Бенжамин Менди ҳам ҳимояда яна бир вариант бўлади. Яъни, бугунга келиб, Гвардиола ўзининг мукаммал таркибига эга деб бемалол айтиш мумкин.

Ўнг қанот ҳужумчиси сотиб олиниши яна бир ғояни асослаши мумкин – балки Кевин де Брюйне орқароқда, таянч ярим ҳимоячига яқинроқ жойда тўп суради. Терма жамоада Мартинес баъзи ўйинларда (кучсизроқ терма жамоалар билан) мана шу схемани ҳам синаб кўрган, Де Брюйненинг ўзи ҳам, Гвардиола унга орқароқда ўйнатмоқчи эканини айтганди. Амалга ошмай қолган Жоржиньо трансфери балки мураббийга мана шу ечимни тақдим этгандир, ахир таянч зонасида биргина 31 ёшли Фернандиньо билан анча таҳликали бўлиши мумкин.

Шунингдек, баъзи мутахассислар Гвардиола янги мавсумда 3-3-4 схемасини қўллашни режалаштираётганини тахмин қилишмоқда. Уч марказий ҳимоячи билан, «Челси»даги схемадан фарқли равишда, қанотларда соф латераллар эмас, айтайлик Риёз Маҳрез ёки Стерлинг майдонга тушади. Бир пайтлар Дани Алвеш билан «Барселона»да ҳам бу синаб кўрилган, айниқса, бутун жамоа билан ҳимояланадиган рақибларга қарши олдинги чизиқда кўпроқ футболчи бўлиши ёрдам бериши мумкин.

Хулоса қилиш айтиш мумкинки, «Манчестер Сити» бу мавсумда ҳам яққол фаворитлигича қолади ва қачонки, бошқа топ жамоалардан бири ўта муваффақиятли ўйнаб юборса ёки Гвардиолада қандайдир тактик муаммолар пайдо бўлиб қолса, янги чемпионларни кўрамиз. Зеро 2009 йилдан буён ҳали бирор жамоа Англияда қаторасига икки йил ғолиб чиққани йўқ. Бу ҳам факт.

МАНЧЕСТЕР ЮНАЙТЕД

Фото: Victor Decolongon/Getty Images

«Манчестер Юнайтед»нинг ёзи жуда асабий ўтди, дейилса бироз юмшатган бўламиз. Аслида, муаммо йўқдек, ўтган мавсумни 2-ўринда якунлаган, айниқса баҳорда деярли барча топ клублар устидан ғалаба қозонган «МЮ» чемпионликка асосий даъвогар бўлиши керак. Лекин норозиларнинг ҳам асослари бор, биринчидан, бу ёзда ҳамма кутганидек таркибда инқилобий янгиланиш тугул, анча муаммоли позициялар саналган қанот ҳимоячилари ва ҳужумчилари, шунингдек, барқарор марказий ҳимоячиси ҳам сотиб олинмади. Иккинчидан, ўша ғалабали топ ўйинларда ҳам «МЮ» Моуриньо услубида ғалаба қозонган, жамоанинг ривожланиш вектори кўзга ташланмаганди. Мухлислар эса, ҳеч бўлмаса, «Олд Траффорд»да «доминант» жамоани кўришни истамоқдалар.

Шунингдек, «МЮ»нинг 7 футболчиси жаҳон чемпионатининг сўнгги кунигача турнирда бўлди ва уларнинг мавсумолди йиғинларида қатнаша олмаганликлари бош мураббийга муаммо туғдирмоқда. Матич, Валенсия каби асосий таркиб футболчилари эса, йиғиннинг илк кунларидаёқ жароҳат олди ва улар қачон сафга қайтишлари номаълум. Тўғри, «Тоттенҳэм» ва «Манчестер Сити»да ҳам шунча футболчи йўқ эди, аммо айнан «МЮ»да Лукаку ёки Погба каби футболчиларнинг ўрни каттароқ. Моуриньо услубида алоҳида футболчиларнинг йўқлиги жамоа ўйини картинасига каттароқ таъсир ўтказади. «Тоттенҳэм» ёки «Сити» иккинчи таркиб билан ҳам кўзни қувнатадиган ўйин намойиш қила олади.

«МЮ» «Бавария» билан ўртоқлик ўйинида атиги бир маротаба рақиб дарвозасига зарба бера олди холос. Мавсумолди сўнгги назорат ўйинидаги бу кўрсаткич кўпчиликни ташвишга қўяётгани табиий.

Энди бунга Марсиял билан боғлиқ машмашалар, Погба ҳақидаги миш-мишлар, клубнинг Алдервейрелд, Боатенг, Мина ва Магуайр каби марказий ҳимоячилар орасида уёқдан-буёққа бориб келаётгани ва трансфер ойнаси ёпилишига атиги икки кун қолганини қўшинг. Мана сизга одатий Моуриньонинг учинчи мавсуми. Фарқи, бу сафар иккинчи мавсум кутилганидек муваффақиятли чиқмади ва энди учинчи мавсум янада масъулиятлироқ бўлади. Балки, Моуриньо учун мана шу муаммолар айни муддаодир, яъни бу орқали босимни камайтириш ва илк турларда ҳимоявийроқ ўйин билан режадаги очколарни олиш кўзда тутилаётгандир. «Лестер» ёки «Брайтон» устидан қозониладиган ҳар қандай ғалабалар мухлисларни хотиржам қилади, вазиятдан келиб чиқиб, ҳеч ким ҳужумкор футбол ёки йирик ҳисобларни талаб қилмай туради.

ЛИВЕРПУЛЬ

Фото: Ливерпуль

Англияда энг қониқарли трансфер кампаниясини олиб борган клуб «Ливерпуль»дир. Раҳбарият ниҳоят ўзи ишонадиган ва энг юқори ўринлар учун даъвогарлик қила оладиган мураббийни топган кўринади. Букмекерлар томонидан Клопп жамоамси АПЛда ғолиб чиқиш учун «Манчестер Сити»дан кейинги номзод сифатида қайд этилмоқда.

«Рома» дарвозабони Алиссон 75 миллион евро, Фабиньо 45 миллион евро, Шакири 14,7 миллион евро, Наби Кейта 60 миллион еврога олиб келинди. Қишда Виржийл ван Дейк ҳимоячилар учун рекорд нархга  ўтганини ҳисобга олсак, «Ливерпуль» сўнгги олти ойда янги футболчилар учун 300 миллионга яқин пул сарфлади. Жамоани фақат Эмре Жан эркин агент сифатида тарк этган.

Ўтган мавсумда Англияда энг сермаҳсул ва кучли ўйин кўрсатган жамоаларидан бири, ЕЧЛ финалчиси ўз таркибида мана шундай ўзгаришларни амалга ошириши фақат бир нарсадан далолат қилади – янги мавсумда «Ливерпуль» барча мусобақаларда фақат ғолиблик учун курашади.

Гўёки фақат ҳимоядаги хатолар эвазига кўп очколарни бой берган «Ливерпуль»нинг шу йўналишда яхши иш олиб боргани ва дарвозабон, ҳимоячи ва ҳимояланувчи ярим ҳимоячиларни қўлга киритгани, энди ўз дарвозасини дахлсиз сақлаш борасидаги муаммоларга барҳам берилганини кўрсатса-да, аслида ундай эмас. Менимча, «Ливерпуль»нинг ҳимоядаги муаммолари индивидларга боғлиқмас, тактик омиллар эвазигадир. Яъни, жамоа жуда юқори ҳимоя билан ўйнайди, рақибни ўз жарима майдони яқинида прессинг қилишни яхши кўради. Нафақат яхши кўради, Клоппнинг асосий қуроли шунинг устига қурилган. Айнан шу услуб орқали «Ливерпуль» Европанинг энг ҳужумкор жамоаси бўлди.

Айтмоқчиманки, ҳимояда ва дарвозада ким туришидан қатъи назар, жамоа бу мавсумда ҳам ўз яриммайдонида каттароқ зоналарни очиқ қолдиради, бу эса, рақиб қарши ҳужумлари учун имкониятдир. «Ливерпуль»нинг услуби одатдагидан (бошқа топ жамоаларга нисбатан) кўпроқ гол ўтказиб юборишни тақозо қилади. Бу бир танловдир. Янги номлар айтайлик, стандарт вазиятлардаги пала-партишликларга барҳам бериши, индивидуал хатоларни камайтириши ва албатта, шу орқали, ҳимоядаги кўрсаткичларни сал яхшилаши мумкин. Аммо Клоппдан янги футболчилар ёрдамида «Челси» ёки «МЮ» каби ҳимояни кутиш нотўғри.

Таркибдаги ягона муаммо сифатида қанот ҳимоячилари ва соф ҳужумчини айтиш мумкин. Старриж ва Соланкенинг қай савияда ўйнай олишларини баҳолаш қийин, Фирмино эса, бутун мавсумга торта олмайди. Ҳимояда ўтган йили Александер Арнольд, Гомес, Робертсон жуда яхши мавсум ўтказишди, лекин бу ёш футболчилар «иккинчи мавсум инқирози»ни бошдан кечирмаслигига ҳеч ким кафолат бера олмайди, 32 ёшли Милнер эса, доимо ёрдамга кела олмайди.  

Янги трансферлар «Ливерпуль»га айнан узун масофадаги турнирларда, масалан Англия Премьер Лигасида ёрдам беради. Бир неча йилдан бери «Ливерпуль» бу борада азият чекаётганди. Жамоа доим бир асосий таркибга боғланиб қолган, Мане ёки бошқа футболчининг жароҳат олиши ёки бошқа сабаблар билан сафдан чиқиши натижасида ўйинга путур етарди. Доимо мавсумнинг қайсидир палласини жамоа жуда бўш ўтказар ва бир неча ҳафтада ички чемпионатда ҳам, кубокларда ҳам вазиятни бой бериб қўярди. Шакири ўйинларда асосий таркибда майдонда бўлмаслиги мумкин, аммо у ҳам керакли пайтда Салоҳ ёки Маненинг ўрнини  тўлдириши, Клоппга керакли пайтда ротациялар имконини туғдириши мумкин.

ТОТТЕНҲЭМ

Фото: Тоттенҳэм

Клуб одатдагидек, бу сафар ҳам трансфер бозорида фаол бўлмади. Умуман, сўнгги ёзлардаги клубнинг энг асосий вазифаси мавжуд таркибни ва юлдузларни сақлаб қолиш бўлиб келмоқда. Бу сафар ҳам шундай. Агар «Тоттенҳэм» ўтган йилги таркибни сақлаб қола олса, катта муваффақият саналади ва айнан мана шу барқарорлик эвазига юқори ўринлар учун даъвогарлик қилиши турган гап.

Тоби Алдервейрелднинг Манчестерга кетиши мумкинлиги Почеттинони кам хавотирга солади. Чунки шундоғам Тоби ўтган мавсумда асосий таркибда кўп майдонга тушмади, Давинсон Санчес бемалол унинг ўрнини тўлдириши мумкин. Аммо Ҳарри Кейнни «Реал» чангалидан асраб қолиш лозим. Мадридликлар футболчини ҳар қандай нархга сотиб олишга тайёр экани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Шу билан бирга, Кейннинг Мадридга кетиш орзусида ёнмаётгани, бунинг устига, трансфер ойнаси тугашига икки кун қолганда «Тоттенҳэм» унга ўринбосар қидирмаётганини эътиборга олсак, Кейн бу мавсум ҳам Лондонда қолади.

«Челси» ва «Арсенал»да янги мураббийлар келгани ва бу бироз мавҳумлик ичида қолаётганликларини эътиборга олсак, Лондон жамоалари ичида «Тоттенҳэм» мавсумни муваффақиятлироқ ўтказиши мумкин.

ЧЕЛСИ ва АРСЕНАЛ

Фото: globallookpress
Фото: Твиттер

Ҳар икки жамоа бу йил ЕЧЛда қатнашмайди ва ҳар икки жамоа янги мураббий билан мавсумни бошламоқда.

Аслида янги мураббийлар қўл остида бу жамоалар трансферлар бозорида кўпроқ фаол бўлишлари кутилганди, лекин ундай бўлиб чиқмади. «Арсенал» бу борада сал яхшироқ – уругвайлик Лукас Торрейра 30 миллион еврога олиб келинган бўлса, Папастопулосга 16 миллион, ёш ярим ҳимоячи Гандузи («Лорьян») учун 9 миллион тўланди. Стефан Лихштайнер эса эркин агент сифатида келди. Шундоғам охирги мавсумда «Арсенал» таркибида ўйнамаган Уилшир ва Касорла жамоани тарк этишди. Пьер Мертезакер фаолиятини якунлади.

Барибир, бу ўзгаришлар етарли эмасдек. Клуб Эмерининг бор масаллиқ билан муваффақиятли тўп сура олиш қобилиятига ишонаётгандир, аммо старт нуқтасидан туриб баҳолаганда, «Арсенал»нинг таркиби юқорида тилга олинган рақибларга нисбатан кучсизроқ кўринмоқда.

«Челси»даги ҳолат эса, бироз бошқача. «Челси» таркиби атиги бир йил олдин Англия чемпиони бўлган. Сарри кўринишидаги янги қон билан «кўклар» яна кучли жамоага айланиб олишлари ҳеч гап эмас. Умуман Абрамовичнинг бу услуби кўпчилик учун «довдираш»дек туюлса-да, ҳар икки йилда мураббийни алмаштириш орқали, «Челси» сўнгги 8 йилда 3 марта АПЛни, ЕЧЛни ва ЕЛни ютди. Яъни сўнгги ўн йилда Англиянинг энг кўп соврин ютган жамоаси ҳам айнан «Челси»дир. Сарри ҳам гўёки имконияти кам деб баҳоланаётган мавсумда Контенинг муъжизасини такрорлай олиши ҳеч гап эмас, кўрамиз.

Бунинг учун аввало, Азар, Виллиан каби юлдузларни сақлаб қолиш керак бўлади. Ҳозирча, бу ҳақида миш-мишлар кўп эмас, аммо «Реал» ёки «Барселона» бу футболчиларга бўлган қизиқишини оширса, «Челси»нинг ЕЧЛда қатнашмаётгани ҳам ҳал қилувчи омил бўлиб қолиши турган гап. Сарри бу ерда ўз жамоасини тузиш учун, аввало жамоани сақлаб қолиши, етакчиларни ўз ғояларига ишонтиришнинг уддасидан чиқиши керак бўлади. Унда кўп вақт йўқ.

Қаҳрамон Асланов тайёрлади.

Мавзуга оид