Жезус тўрт голда қатнашди, «Арсенал» йўқотишсиз давом этди

Ўтган мавсумда «Арсенал»га яққол тўпурар футболчи етишмаганди, аммо Габриэл Жезуснинг келиши Микел Артета жамоасини янги даражага олиб чиқди. Мавсумолди йиғинидаги ўртоқлик учрашувларида ҳам голларни қалаштирган бразилиялик футболчи «Эмирейтс»даги илк расмий ўйинидаёқ «канонирлар» жамоаси мухлисларининг янги кумирига айланди. Ҳисобни очувчи голни уришда у тўпни дарвозанинг узоқ «тўққизлиги»га жойлаб қўйди. Кейин бу шедеврга одатий гол қўшилди — узоқ устун олдида тўп учун курашда бош билан аниқ ҳаракат қилди. У танаффусга қадар ҳет-трик расмийлаштириши ҳам мумкин эди, Жезус ўз таъқибчисини ортда қолдириб, дарвозабон билан яккама-якка вазиятга чиқиб борди. Аммо Уорд ақл бовар қилмас ҳаракат билан тўпни тўхтатди ва интригани сақлаб қолди, бундан олдинроқ Салиба аҳмоқона автоголи билан ҳисоб қисқаришига сабабчи бўлганди.

Аммо якунда уэлслик дарвозабон «Лестер»нинг ўйинни қутқариш имконини йўққа чиқарди, у осон вазиятда тўпни қўлида тутиб қололмади ва Чакага гол совға қилди. Уордга Рамсдейл муносиб далда берди ва Мэддисоннинг ўткир бурчакдан йўллаган зарбасини оёқлари орасидан ўтказиб юборди, аммо кўп ўтмай Габриэл Мартинелли жарима майдони ташқарисидан йўллаган зарбаси билан ўйиндаги якуний ҳисобни ўрнатди. Чака билан бўлган вазиятдаги каби унга ҳам феноменал ўйин кўрсатаётган Жезус ассистентлик қилди.

Ҳоланд тўпга саккиз бор тегинди, «Сити» биринчи ўринда

Ўтган турда Ҳоланд дубл расмийлаштирганди. Энди эса ассист муаллифи бўлди. Кўринишидан арзимасдек, аммо у буни маҳорат билан ижро этди! Норвегиялик Гундўғаннинг узатмасини уч ҳимоячи орасида туриб қабул қилиб олди ва кучли босим остидалигига қарамай йиқилаётган ҳолда тўпни дарвозабон билан бирга-бир чиқиб бораётган шеригига қайтариб берди.

Бу эпизод —  Ҳоланд жамоадошлари ва Хосеп Гвардиоланинг принципларини нақадар яхши тушунаётгани ифодаси бўлди. Лекин ҳозирча унинг ўйинга қўшилиб кетиш даражаси у қадар юқори эмас. 74 дақиқада тўпга саккиз бор тегиниш ва икки узатма бериш — жуда кам. Аммо «Сити»да натижани таъминлаши мумкин бўлган футболчилар етарлича. Масалан, де Брюйне «шведка» зарбаси билан ҳисобни оширди, кўп ўтмай Фоденга голли узатма берди. Белгиялик футболчи сўнгги ўн беш уй учрашувидан фақат биттасини голли ҳаракатсиз якунлаган, «шаҳарликлар» эса чемпионлик графиги бўйича кетмоқда.