Жаҳон | 19:34 / 09.08.2018
51705
2 дақиқада ўқилади

Аҳолиси камайиб бораётган мамлакатлар номи маълум қилинди

Фото: ScienceAlert

Science Alert нашри туғилиш камайиши ва кексалар сонининг ошиб бориши сабабли аҳолиси камайиб кетадиган мамлакатлар номини эълон қилди. Бундай  давлатлар рўйхатига АҚШ, Испания, Италия, Жанубий Корея, Япония ва Хитой киритилди.

Демографияга кўра, аҳоли камайиб кетмаслиги учун бир аёлга 2,2 нафар бола тўғри келиши керак, аммо аксарият ривожланган давлатларда туғилиш коэффициенти 2,2дан тушиб кетган.

Хабар қилинишича, АҚШда туғилиш коэффициенти 1,76га тушиб кетган, кутилаётган ўртача умр давомийлиги эса 78,7 ёшга етган. Айрим штатларда бир боланинг парвариши учун йилига ўн минг долларгача харажат қилиниши фарзанд кўришдан воз кечишга сабаб бўлмоқда.  

Испанияда туғилиш коэффициенти 1,5ни ташкил этмоқда, ўлим коэффициенти эса ошиб бормоқда. Италияда ҳам молиявий қийинчиликлар сабабли оилалар кўп фарзанд кўришни исташмаяпти. Болгария аҳолиси 1,46 кўрсаткич билан рекорд тезликда камайиб бормоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, 2050 йилга келиб Латвияда атиги 1,52 миллион аҳоли қолади.

Японияда туғилиш коэффициенти 1,44ни, Жанубий Кореяда эса 1,26ни ташкил қилмоқда. Хитойда 2030 йилга келиб мамлакат аҳолисининг чорак қисмини ёши 60дан ошганлар ташкил этиши тахмин қилинмоқда (2010 йилда қариялар мамлакат аҳолисининг 13 фоизини ташкил этган). Сингапур энг паст туғилиш кўрсаткичига эга 0,83), аммо ҳукумат бу муаммони иммиграция ёрдамида ҳал қилишни режалаштирмоқда.

Мавзуга оид