Light | 12:05 / 09.08.2018
20561
7 дақиқада ўқилади

Нима учун ижтимоий тармоқлардаги барча аккаунтларни ўчириб ташлаган маъқул?

Жарон Ланье ўзининг “Ижтимоий тармоқлардаги аккаунтларни ҳозирнинг ўзида ўчириб ташлаш бўйича 10 та мулоҳаза” китобида ижтимоий тармоқларнинг кўз илғамас хавфи нимадан иборат экани, унинг асосчилари фойдаланувчиларни қандай бошқариши ва уларни баджаҳл, аҳмоқ ва чекланган шахсларга айлантираётгани ҳақида ёзган.

Китоб пайдо бўлган заҳоти Amazon’нинг “Инсоннинг ва компьютернинг ўзаро муносабати” бўлимида биринчи рақамли бестселлер (кўп сотилган) китобга айланди.

Кириш

Номига қараб ҳукм чиқарилса, китоб дунёқараши тор, замонавий рақамли ҳаёт душмани томонидан ёзилганга ўхшайди.

Бироқ бу умуман нотўғри. Жарон Ланье – “виртуал реаллик” муаллифи, унинг асосчиларидан бири, Кремний водийси киберэлитаси вакили, олим-кашфиётчи ва футуролог. Хўш, ижтимоий тармоқлар унинг “арпасини хом ўрганми?”

Китоб итлар ва мушуклар параллелидан бошланади. Қачонлардир ёввойи саналган итлар инсоннинг дўстига айланди. Улар эркинликда яшашлари мумкин эди, бироқ уларни қўлдан ўргатдик. Эндиликда улар доимий, ишончли ва содиқ йўлдошимиз.

Мушуклар – бошқа гап. Улар ўзлари келишди, чунки уларнинг ўзи шуни истади ва биз билан қолди. Мушуклар мустақил тарзда сайр қилади. Мушуклар эркинликка эга ва уни қўлдан бой беришмоқчи эмас.

Итларни яхши кўрамиз, бироқ унга айланиш, кимдир бизни бошқаришини истамаймиз. Мушуклар каби эркинликни севамиз ва мустақил тарзда сайр қилишни хоҳлаймиз.

Бироқ ижтимоий тармоқлар бошқариладиган кўринмас алгоритмларда бизнинг эркинлигимиз бўйича шахсий режалар бор. Ланье фикрига кўра, уларнинг зарарли таъсиридан қутулишнинг ягона усули бор – ижтимоий тармоқлардаги ўз аккаунтларимизни ёпиш.

Ланье китобини 2017 йилда ёзиб тугатганини айтган.

Ланье ўзини электрон ва одатий ОАВларда ижтимоий тармоқларда рўйхатдан ўтмаган ҳолда ҳам жамиятда фаол ҳаёт тарзини олиб бориш бўйича тирик гувоҳ сифатида намойиш этади. Ҳар ким гар истаса шундай йўл тутиши, ўз иштироки билан жамиятни бузишга ҳисса қўшмаслик имкониятини таъкидлайди.

Бу нима учун муҳим экани борасида муаллифнинг бир неча фикрлари бор.

Фото: Pixabay

1-фикр. Ижтимоий тармоқлардан шахсий аккаунтларни ўчириб ташлаш учун жуда асосли таклифлар мавжуд:

ижтимоий тармоқлар ирода эркинлигини “эзғилайди”;

улар замонамиз телбалигини оширади;

Ланье таърифига кўра, бизларни аҳмоқона жаҳлдор одамга айлантиради;

қалбаки янгиликлар ва одамларни яратади;

биз гапирадиган барча нарсалар уларнинг ёрдамида бемаънолик касб этади;

улар бизни бахтсиз қилади;

иқтисодий фаровонлигимизга дахл қилади;

улар инсон қалбини ёмон кўради ва унга зарар қилади.

Қачонлардир ижтимоий тармоқлар турли мамлакатлардаги одамларни  бир-бири билан мулоқоти учун яратилган тезкор, фойдали ва зарарсиз инструмент саналган.

Улар ўзаро бирлаштириб, муҳаббат ва тушунишга хисса қўшиши керак эди. Бироқ бунинг ўрнига жамият учун хавф туғдирадиган бошқарувчи машинага айланиб қолди.

Facebook’да ҳам, Twitter’да ҳам сиёсий ва реклама мақсадларида манипуляция қилиш, маълумотни бузиб кўрсатиш, қалбаки янгиликлар кузатилган. Дунёнинг  улар томонидан ўзгартирилган шакли салбий қирраларимизни “қондириб”, инсон шахсиятига ҳам ўзгачалик беряпти.

Бунинг ортида йирик компанияларнинг катта маблағлари ётади. Уларни фақат шахсий манфаат қизиқтиради ва алгоритмлар ҳам шахсиятимизни салбий томонга ўзгартириш учун яратилган.

Бундан ташқари, ижтимоий тармоқлар наркомания каби ўрганиб қолиш ва тобеликни оширади. Одам ижтимоий тармоқда бўлмасдан бир кунни ҳам ўтказолмай қолади.

Ланье ижтимоий тармоқларнинг дастлабки ғояси ғаройиб бўлганини таъкидлаяпти. Бироқ вақт ўтиши билан у фойдаланувчиларнинг тармоққа тобелигини ўзининг ғайри мақсадлари йўлида қўллайдиган маркетинг ва реклама соҳасидаги йирик бизнес билан бирлашди.

Ланье фойдаланувчиларни ўзига бўйсундирадиган алгоритмларни BUMMER механизми дея атамоқда  (бу Behaviors of Users Modified, and Made into an Empire for Rent  аббревиатураси — фойдаланувчилар хулқ-атвори ўзгартирилиб, империяга ижарага берилган, деган маънони англатади).

Фото: Pixabay

2-ғоя. Алгоритмлар бизни лаборатория ҳайвонларига айлантирди

Смартфондан фойдаланганимизда (кўпчилигимиз уларга қарамай туролмаймиз) ижтимоий тармоқ ва қидириш тизимлари алгоритмларига ўзимиз ҳақимизда тўлдирилган маълумотни бериб борамиз.

Биз ташриф буюрадиган саҳифа, ҳавола, видео, тасвир ва бошқа контент кимгадир кўринмас тарзда фойдали маълумотларни етказади.

Мулоқот доирамиз, бир саҳифадан бошқасига ўтиш тезлиги, савдони амалга оширишдан олдинги ҳаракат буларнинг бари – кафтдек намоён.

Телевизорда рекламани томоша қилганимизда ёки радио тинглаганимизда уни ўчиришимиз ёки у мавжуд бўлмаган бошқа каналларга ўтишимиз мумкин. Ижтимоий тармоқлардаги рекламага нисбатан бу имконсиз. У хулқ-атворимизга катта масштабларда таъсир кўрсатади ва шу билан бирга деярли сезилмайди.

Барча ижтимоий тармоқлар инсон хулқ-атворини ўзгартиради. Турли тобеликларни даволашда ҳам айнан шу тамойилдан фойдаланилади. Бироқ унинг ёрдамида янги тобеликни яратиш мумкин.

BUMMER олти қисмдан иборат:

диққатни жалб этиш;

бегоналар ҳаётига аралашиш;

ўзига ёққан нарсаларни бировга мажбурлаб ўтказиш;

сирли бошқариш;

катта пул айланмаси;

қалбаки янгиликлар ва одамлар

Буларнинг бари глобал фожиага олиб келиши мумкин, дея ҳисобламоқда муаллиф.

Якуний изоҳлар

Китоб мураккаб, баъзи жойлари эса ишонарли. Муаллиф BUMMER’нинг фикримиз, онгимизга таъсирига тўғри баҳо бера олмаётганимизни таъкидламоқда.

Мулоқот учун яратилган ижтимоий тармоқлар кутилмаганда манипуляция қилиш ва бегоналаштириш инструментига айланди. Ланье бунга нисбатан нима қилиш мумкинлигини билмайди. Унинг сўзларига кўра, инсонийликни сақлаб қолиш учун ижтимоий тармоқлардаги барча саҳифаларингизни ўчириб ташлашдан ўзга чора йўқ.

Интернет ўзича ғаройиб, ижтимоий тармоқларсиз ҳам дўстлар билан мулоқот қилишнинг жуда кўп усуллари мавжуд – масалан, электрон хатлар ёзиш. Агар сизга янгиликлар керак бўлса, уларни Facebook фильтрлари орқали эмас, бевосита ўқинг.

Facebook таклиф қилган видеони эмас, шахсий танлов асосидагини томоша қилинг. Интернетдан шахсий шартлар ва қоидаларга кўра фойдаланинг. Мушук бўлинг, Павловнинг ити эмас. Ана ўшанда кайфиятингиз ва ҳаётингиз ўзгарганини сезасиз.

Мавзуга оид