Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Еврокомиссия TikTok, Facebook ва Instagram’да қонунбузарликларни аниқлади
Европа комиссияси TikTok, Facebook ва Instagram томонидан ЕИнинг Рақамли хизматлар тўғрисидаги қонуни (Digital Services Act, DSA) талабларини бузиш ҳолатлари борлигини билдирди. Брюссел фикрича, бу платформалар маълумотларга киришни чекламоқда ва фойдаланувчиларнинг ноқонуний контент ҳақида шикоят қилишини қийинлаштирмоқда.
Европа комиссиясининг дастлабки баҳосига кўра, ушбу ижтимоий тармоқлар DSA'да кўзда тутилган ошкоралик мажбуриятларини бузмоқда: платформалар тадқиқотчиларнинг ўз маълумотларига киришини қийинлаштираётгани ва фойдаланувчилар учун шикоят ҳамда хабардор қилиш механизмларини самарали таъминламаётгани қайд этилди. Бу ҳақда комиссия жума, 24 октябр куни маълум қилди.
ЕК маълумотларига кўра, учала платформа ҳам кўпинча «тўлиқ бўлмаган ёки ишончсиз маълумот тўпланиши»га олиб келадиган тўсиқлар яратмоқда ва илмий тадқиқотларни қийинлаштирмоқда, жумладан, фойдаланувчилар ноқонуний ёки зарарли контентга дуч келаётгани-йўқлиги масалалари бўйича. Комиссия таъкидлашича, платформалар маълумотларига очиқ кириш — DSA ошкоралик талабларининг асосий унсури, у йирик онлайн-платформалар фаолиятининг жамиятга таъсирини яхшироқ тушунишга имкон беради.
Бундан ташқари, Meta концерни Facebook ва Instagram платформаларида ноқонуний материаллар — масалан, болаларга нисбатан жинсий зўравонликни акс эттирувчи контент ёки терроризм тарғиботи — ҳақида осон хабар беришга мўлжалланган қулай механизмлар йўқлигида айбланмоқда.
Комиссияга кўра, шикоят тартиб-таомиллари ҳаддан ташқари мураккаб ва фойдаланувчиларни шикоят беришдан қайтариши мумкин бўлган «манипулятив дизайн элементлари»ни ўз ичига олади. DSA'га кўра, платформалар шикоятни олгач, ноқонуний контентни тезкор текшириб, олиб ташлаши шарт.
Еврокомиссия шунингдек Facebook ва Instagram’да контент модерацияси бўйича қарорларда шикоят қилиш механизмларидаги камчиликларга эътибор тортди. ЕИ фойдаланувчилари, нашрлари ўчирилган ёки аккаунтлари блокланган тақдирда, бу қарорлар устидан самарали равишда шикоят қила олмаяпти. Мавжуд тизимлар изоҳ ёки далилларни илова қилиш имконини тўлиқ бермайди, бу эса жараёнларнинг ошкоралигини чеклайди.
Meta ва TikTok комиссиянинг дастлабки хулосалари билан танишиб, ёзма жавоб тақдим этиши мумкин. Агар қонунбузарликлар тасдиқланса, ширкатларга уларнинг жаҳон бўйлаб йиллик айланмасининг 6 фоизигача миқдорида жарима солиниши мумкин. Еврокомиссия зарурат туғилса, қоидаларга риоя этилишини таъминлаш учун мажбурий жарималар ҳам қўллашини қўшимча қилди.
DSA онлайн-платформаларни фойдаланувчиларни ноқонуний контент, товар ва хизматлардан ҳимоя қилиш бўйича чоралар кўришга мажбур қилади. Айниқса ЕИда 45 миллиондан ортиқ фойдаланувчиси бўлган Facebook, Amazon ёки Google каби энг йирик платформаларга нисбатан талаблар қаттиқроқ. Бу компаниялар тўғридан тўғри Еврокомиссия назоратида бўлиб, уларга нисбатан бошқа бир неча текширувлар ҳам олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
08:04 / 08.05.2026
Instagram «Буюк тозалаш»ни ўтказди: миллионлаб сохта обуначилар ўчирилди
21:24 / 31.03.2026
Instagram ўзининг пулли обунасини синовдан ўтказишни бошлади
14:24 / 11.03.2026
Еврокомиссия раҳбари: атом энергиясидан воз кечиш — “стратегик хато”
11:21 / 28.02.2026