Ўзбекистон | 19:15 / 10.08.2018
44327
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда хусусий ОТМлар сони кўпаймоқда

Ўзбекистонда янги нодавлат олий таълим муассаси — Тошкент шаҳридаги Ёжу техника институти фаолияти йўлга қўйилмоқда. Қайд этиш жоиз, ҳозирга қадар Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти ягона хусусий ОТМ бўлиб қолаётганди.

Фото: Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси

Ёжу техника институти маъмуриятининг Kun.uz`га маълум қилишича, мазкур ОТМ Корея Республикасининг Ёжу технологиялар университети билан ҳамкорликда ташкил этилган бўлиб, президент Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил  22–25 ноябрь кунлари Корея Республикасига амалга оширган давлат ташрифи чоғида унинг очилишига биринчи қадам қўйилган. Ўшанда икки давлат вакиллари томонидан бу бўйича меморандум имзоланганди.

Жорий йилнинг июль ойида эса Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг лицензиялаш комиссияси томонидан Тошкент шаҳридаги Ёжу техника институтига қуйидаги йўналишлар бўйича бакалаврлар тайёрлаш учун лицензия тақдим этилди:

- архитектура ва шаҳарсозлик;
- қурилиш;
- муқобил энергия;
- бизнесни бошқариш;
- туризм.

Ушбу йўналишлар бўйича қабул жараёни 1 августдан бошланган бўлиб, ҳужжатлар 31 августга қадар қабул қилинади. Кириш имтиҳонлари 7-8 сентябрь кунлари ўтказилиши белгиланган.

Фото: Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси

Қайд этиш ўринлики, ривожланган мамлакатлар, жумладан, АҚШ, Буюк Британия, Япония, Германия, Жанубий Кореянинг таълим тизимида нодавлат олий таълим муассасалари муҳим ўрин тутади. Таълим тизимига баҳо берувчи жаҳон рейтингларида ҳам, дунёда тан олинган олий таълим муассасалари қаторида ҳам нодавлат олий таълим муассасалари энг юқори ўринларда туради.

Фото: Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси

Мавзуга оид