Жамият | 12:05 / 14.08.2018
9463
4 дақиқада ўқилади

“Еганин ош деманг ёлғиз аёлнинг…”: Тожихол опадан ёрдамимизни аямайлик

Муҳтожларга ёрдам қўлини чўзмоқ инсонийликнинг олий мезонидир. Агар шундай инсонларга ёрдам берсак, қалбларимиз ҳам хотиржамликка эришади. Кундалик ҳаётимиз ҳам ижобий томонларга ўзгара бошлайди. Ишларимизга барака киради. 

Ёрдамга муҳтож инсонлар Kun.uz таҳририятига мурожаат қилмоқда. Уларга имкон қадар ёрдам беришга интиламиз. Шундай мурожаатлардан бири Сирдарё вилояти Боёвут тумани Садриддин Айний маҳалласида истиқомат қилаётган Қудратова Тожихол опадан келган. Биз Тожихол опа билан юзма-юз суҳбатлашдик. Уларнинг аҳволини ўргандик.

Уларнинг айтишича, касаллик бир муддат аввал бошланган. Аввалига опанинг қон босими ошадиган бўлиб қолган. Кейинроқ уй ишларини бажараётган вақтида оғир юк кўтаради. Шундай вақтда умуртқасида қарсиллаган овоз эшитилади. Бир муддат бу ҳолга эътибор бермайди. Сўнг 2005 йил январ ойидан бошлаб аста-аста бошида, сўнгра оёғида оғриқ кучая бошлади. Кейин шифокорга борганида умуртқа чурраси ташхиси қўйилади. 2007 йили қон босими ошиб, оёғи тойиб қаттиқ йиқилиб тушади. Оғриқ янада кучая бошлади. Тезда шифокор қабулига боради. Улар жарроҳлик амалиёти зарурлигини айтишади. Лекин Тожихол опа рози бўлмайди. Бироқ бир муддатдан сўнг оғриқ кучайишда давом этгач, иложсиз рози бўлади. Кейин опа даволаниб юради. 2008 йили юра олмай қолади. Шундан бери шифохонага қатнаб даволанмоқда.

Тожихол опа оила қурмаган. Ота-онаси ҳам бу оламдан ўтиб кетишган. Ака-укалари оила қуриб, ўзи билан ўзи бўлиб қолган. Ёлғиз аёл. Режалаштираётган жарроҳлик амалиёти оғирлиги сабаб Ҳиндистон шифокорлари билан боғланган. Улар операция муваффақиятли ўтишига кафолат беришган. Бироқ, жарроҳлик амалиёти нархи қиммат. «10 минг доллар атрофида маблағ кетади», дейишган ҳинд шифокорлари. 

Тожихол опа ҳамширалик касби ортидан кун кечиради. Бунинг устига 1-гуруҳ ногирони. Ўзи йиғган маблағ мавжуд. Бироқ бу пул етмайди. Доимий оғриқлар исканжасида қолган аёл даволаниши учун озроқ маблағга зориқиб турибди.

Беморнинг шифокори билан ҳам боғландик. Унинг ташхисига кўра, бемор ўзи юра олмайди. Мушаклар таранглашган. Бел соҳасида кучли оғриқ мавжуд. Оғриқ оёққа узатилади. Оёқларида сезги ҳолатлари бузилган. Зудлик билан жарроҳлик амалиёти зарур бўлмоқда.

Азизлар, бу ўткинчи дунё ҳаёти яхшиликлар узра барпо қилинган, десак адашмаймиз.  Кимдир савобли амалларни қилса, бошқа биров унга васила бўлади. Бундан халқ ҳам, жамият ҳам ютади. Ягона Холиқ зот эса, бизлардан рози бўлади. Бетоб ёлғиз аёлдан ёрдамимизни аямайлик. Бир-икки бўлиб йиғилса ҳам минг бўлади. Биз миллионлармиз. Ватандошимизга ёрдам берайлик. Яна тилагимиз шуки, орамизда хайр-эҳсон қилувчилар кўпаяверсин, ҳеч ким дард чекмасин, муҳтожлар қолмасин, барчамиз қилган хайрли амалларимизнинг савобини у дунёда тўла-тўкис олайлик!

Хайрия қилмоқчи бўлганлар учун:

Click, Payme: 8600 0504 8866 1416

Телефон: +99899 474-45-26 (Қудратова Тожихол)

Зафар Солижонов
Тайёрлаган Зафар Солижонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид