Жамият | 20:27 / 14.08.2018
9753
2 дақиқада ўқилади

Эҳсон обрў учун қилинадими?

Тошкент шаҳрининг Юнусобод туманида Шайх Шиблий маҳалласи бор. Шу кўчадан ўтганда шу улуғ инсонни ёдга олмоқ кўнгиллардаги эзгу фазилатларнинг улғайишига сабаб бўлса ажаб эмас.

Абубакр Шиблий (859-946) ўз даврининг кўзга кўринган уламоларидан бўлган. Унинг суҳбати, ҳатто уни бир кўриш ҳам замондошларининг орзуси бўлган экан. Алломанинг Худони юракка жо этиб, ҳалол меҳнат билан шуғулланиш, таълим-тарбия ҳақидаги фикр-хулосалари, баъзи ҳикоят ва ривоятлари, панд-насиҳатлари ҳанузгача халқимиз орасида барҳаёт.

Ривоятларга кўра, Шайх Шиблий дарвеш либосида бозорга келиб, нонвойдан Худо йўлига бир нон сўрабдилар. Нонвой эса, «Қайси бирингга берай, бор, йўлингдан қолма», деб у кишини ранжитибди. Иккинчи нонвой эса шеригига «Шайх Шиблийни кўриш истагинг ёлғон экан-да?» дебди. Қилмишидан пушаймон нонвой Шайхни дарҳол топиб, бу гуноҳини ювиш учун халойиққа «худойи» деб ош берибди. Шайх Шиблий ҳам зиёфатга ташриф буюриб, тўрда ўтирган эканлар. Маърака охирида жамоадагилардан бири Шайхдан нонвой ҳақида бир дуои хайр қилишини сўрабди. Шунда Шайх Шиблий: «Бу нонвойга дуонинг хожати йўқ. Зеро, у Худо йўлига бир нонни раво кўрмади, Шиблий учун эса шунча зиёфат берди», деган экан.

Хулоса шуки, хайр-эҳсон, яхшилик ким учундир эмас, ўзи учун ҳам эмас, Аллоҳ йўлига қилиниши керак.

Дилшод Аскаров
Тайёрлаган Дилшод Аскаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид