Жаҳон | 23:25 / 10.03.2017
4494
2 дақиқада ўқилади

Рим папаси ҳалаблик фақирларга хайр-эҳсон қиладиган бўлди

Фото: RIA

Рим папаси Франциск 10 март куни Рим яқинидаги Аричча шаҳарчасида Сурияга бағишланган махсус ибодат ўтказди ва ҳалаблик фақирларга 100 минг евро хайр-эҳсон қилишга қарор қилди. Бу ҳақда Ватикан расмий вакили Палома Гарсия Овейеро маълум қилди. 

Рим папаси аввал ҳам Сурияда қон тўкилишининг тўхтатилишига бир неча бор чақирган ҳамда бу мамлакатда ва айниқса Ҳалабда юз бераётган ҳодисаларга халқаро ҳамжамият эътиборини қаратишга ҳаракат қилиб келган. Папа ўтган йил декабрда Ватикандаги нутқи вақтида барчани "Ҳалаб оилалар, болалар, кексалар ва касалмандлар яшайдиган шаҳар эканлигини" унутмасликка чақирганди. 

Жорий йил январида Ҳалабда ҳарбий ҳаракатлар тугатилгандан кейин Рим папаси топшириғи билан у ерга Ватикан вакиллари ташриф буюришган. Сафар вақтида Сурия аҳолисига турли гуманитар ёрдам кўрсатиш зарурияти ошиб бораётгани қайд қилинганди. Гап авваламбор у ерга озиқ-овқат, кийим-кечак юбориш, тиббий ва таълимий ёрдам кўрсатиш ҳақида кетган.  

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид