Ўзбекистон | 21:34 / 15.08.2018
42164
3 дақиқада ўқилади

Марғилондаги Меҳрибонлик уйининг собиқ директори ўринбосарлари 15,5 ва 16 йил муддатларга қамалди

Фото: ЎзА

Фарғона вилояти, Марғилон шаҳридаги 1-Меҳрибонлик уйида ўта оғир жиноятлар содир этишда айбланган собиқ директор ўринбосарларига ҳукм чиқарилди.

Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг ёпиқ суд мажлисининг ҳукми билан Қ.Қодиров Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 119-моддасининг 4-қисми ва бошқа моддалар билан узил-кесил 15 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган. 

Шунингдек, шу суднинг бошқа таркиби томонидан ёпиқ суд мажлисида Меҳрибонлик уйининг директор ўринбосари С.Усмановга оид жиноят иши якунланиб, унга Жиноят кодекси 119-моддаси 3-қисмининг «а» банди ва бошқа моддалар билан узил-кесил 16 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. 

Эслатиб ўтамиз, жиноят ишида судланувчилар вояга етмаган шахсни тарбия муассасасида жиноятга жалб қилиш, ўн олти ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш, вояга етмаган ожиз аҳволдаги шахсни қийнаш, ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш, шунингдек, аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаш каби жиноятларни содир этганликда айбланган. Мазкур жиноят ишини кўриш 2018 йил 18 апрелда бошланган. Май ойининг охирида суд гувоҳлар ва жабрланувчилар кўрсатмаларини тинглаган. Июль ойининг бошида суд ўз ҳукмини эълон қилганди.

Собиқ директор Камол Якубов мансабига совуққонлик билан қараган, ўз вазифасига лоқайдлик ва виждонсизларча муносабатда бўлган, муассаса ишини, муассаса тарбияланувчиларини маънавий соғлом ва жисмонан баркамол этиб тарбиялаш борасидаги фаолиятини издан чиқариб юборган, тарбияланувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳамда давлат манфаатига жиддий зиён етишига сабабчи бўлгани учун 4 йилга қамалганди. 

Бундан олдинроқ Марғилон шаҳридаги Меҳрибонлик уйининг мансабдор шахслари томонидан содир қилинган жиноятлар юзасидан муассасанинг мансабдор шахслари ва хизматчиларига доир иш юзасидан ҳукм чиқарилганлиги, шу билан бирга вояга етмаганларга нисбатан жинсий эркинликка қарши содир этилган жиноятлар Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти судининг ёпиқ суд мажлисида кўрилаётгани ҳақида хабар берилганди.

Мавзуга оид