Жаҳон | 20:34 / 18.08.2018
12191
2 дақиқада ўқилади

Ганада Кофи Аннан вафоти сабабли бир ҳафталик мотам эълон қилинди 

Фото: EPA

Гана президенти Нана Акуфо-Аддо БМТнинг собиқ бош котиби Кофи Аннан вафоти сабабли мамлакатда 20 августдан бошлаб бир ҳафталик мотам амал қилишини эълон қилди.   

“Гана халқи номидан унинг севимли беваси Нейна Мария ва содиқ фарзандлари Ама, Коха ва Нинага катта жудолик сабабли самимий, чуқур таъзиямизни изҳор этаман. Бироқ менга унинг рафиқаси Найнанинг у боқий дунёга уйқусида кетгани ҳақидаги ахбороти таскин бермоқда. 20 августдан бошлаб бир ҳафта давомида мамлакатдаги ва дипломатик миссиялардаги барча байроқлар тушириб қўйилади”, деб айтилган президент хабарида.

Акуфо-Аддо ўз нутқида Аннаннинг Ганани ривожлантиришни ўз йўналиши ғояларига содиқ бўлганини айтган ва марҳумнинг мамлакатга машҳурлик келтирган жаҳон майдонидаги фаолиятини таъкидлаб ўтган.

Аннан 18 августда 80 ёшида вафот этди. Аннан БМТ бош котиби лавозимини 1997 йил 1 январдан эгаллаган ва 2001 йил 29 июнда иккинчи муддатга қайта сайланган. У бу лавозимни 2006 йил 31 декабрда тарк этган.

Аннан БМТ бош котиби бўлган Африканинг қора танли аҳолисининг илк вакили ҳисобланади. 2001 йилда тинчлик учун Нобель мукофоти билан тақдирланган. 

Шуҳрат Раҳимов
Тайёрлаган Шуҳрат Раҳимов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид